29.07.2025 16:36
124
Суданда 825 минг боланинг ҳаёти хавф остида қолмоқда
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, қамал остидаги Шимолий Дарфур вилоятида тахминан 825 000 нафар боланинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Гап шундаки, минтақада озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон етишмовчилиги даражаси ошиб боряпти. 457 минг бола тўйиб овқатланмаслик туфайли оғир камқонликдан азият чекмоқда. 146 минг нафар боланинг аҳволи ўта оғир.
Вилоятдаги ал-Фашир шаҳри етти ойдан бери қамал остида, Судан армияси ва Тезкор ёрдам кучлари ўртасидаги жанглар туфайли гуманитар ёрдам етказилмаяпти.
Ичимлик суви тармоқлари вайрон қилинган, ёқилғи етишмайди, эпидемиялар хавфи ортиб бормоқда. БМТ ва ЮНИСЕФ томонлардан зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Бироқ 2025 йил учун мўлжалланган гуманитар ёрдам режаси ҳам ҳозирча фақат 21% молиялаштирилган, яна камида 4,2 миллиард доллар маблағ зарур.