27.08.2024 10:22

Суданда 500 кунлик фуқаролар уруши

Шарқий Африка давлати Суданда армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (RRF) ўртасидаги тўқнашувлар 500 кундан бери давом этмоқда.

Сешанба куни мамлакатда 2023 йил 15 апрелда бошланган тўқнашувларга роппа-роса 500 кун тўлди.

Дунёдаги энг катта кўчиш ва очарчилик инқирозига сабаб бўлган уруш миллионлаб суданликларнинг ҳаётини хавф остига қўйди.

Судандаги фуқаролар урушида 19 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлди, 10 миллиондан ортиқ киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Болалар мактабга боролмайдиган мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими самарали фаолият кўрсата олмайди.

Судан армияси мамлакатнинг шимоли ва шарқидаги Қизил денгиз, Шимолий, Нил дарёси, Кесела ва Гадариф каби штатларда, RRF эса Ғарбий, Шарқий, Марказий ва Жанубий Дарфур, Ғарбий ва Жанубий Курдуфан, Жазира ва Хартум штатларини назоратига олган.

RRF қандай тузилма?

Wikipedia маълумотларига кўра, RRF 2013 йилда ҳукумат томонидан Дарфурдаги урушда қатнашган “Жанжавид” кўнгиллилар қўшини асосида ташкил этилган.

Дарфурдаги жангларда RRF ҳарбийлар томонидан бошқарилган бўлса-да, тузилма Миллий разведка ва хавфсизлик хизматига бўйсунган. 2019 йилги сиёсий инқироз пайтида уларнинг бўлинмалари норозиликларни бостириш учун ишлатилган. RRF бошқа хавфсизлик кучлари билан биргаликда 3 июнь куни Хартумда мухолифатчиларга қарши қирғин уюштирди.

Судан ичидаги можаролардан ташқари, RRF Ливия ва Ямандаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам қатнашган. 2019 йил 25 июль куни RRF нинг 1000 га яқин жангарилари генерал Хафтарнинг Триполига қарши ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун Ливияга етиб келди.

2023 йил апрель ойида генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагло бошчилигидаги ташкилот амалдаги ҳукумат билан қуролли можарога киришди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.