Дунё нима учун Судан инқирозига кўз юммоқда?
Қарийб 500 кунлик можаро ва зўравонликлар Суданни дунёдаги энг йирик гуманитар инқирозлардан бирига рўпара қилди.
2023 йил апрель ойида Судан армияси раҳбари генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ва унинг собиқ ўринбосари Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (РСФ) ўртасида ҳокимият учун кураш бошланди. Шундан бери ҳалок бўлган ва яраланганлар сони қарийб 52 минг кишига етди, миллионлаб одамлар уй-жойларини ташлаб кетди.
Инқирознинг нақадар кенг тус олиб бораётгани БМТ томонидан берилган такрорий огоҳлантиришларда ҳам яққол кўриниб турибди: кузатувчилар Судан ҳатто “ҳалокат нуқтасида” эканини ҳам айтишмоқда.
Судан уруши қанчалик кўп мусулмонларнинг ёстиғини қуритиб, азобларга гирифтор қилмасин, Украинадаги уруш ҳақида кунора гап сотаётган етакчи давлат раҳбарлари ва халқаро жамоатчилик мазкур фожиа ҳақида гапиришни истамаяпти.
“Судандаги можаро жуда юқори кескинликка эга бўлиши мумкин, лекин Ғарб учун Украина ёки Ғазо сингари геосиёсий аҳамиятга эга эмас, – дейди Африка бўйича мутахассис Франкоз Сеннесаел, – Украина Европанинг хавфсизлиги учун аҳамиятли, Судан ҳақида эса бундай дея олмаймиз. Шунинг учун Киев Ғарбнинг барча ғамхўрликларига лойиқ. Суданга эса қотган нонни ҳам раво кўришмайди. Ғазо ҳам Исроил босқинчилари ҳақида доим қайғурадиган АҚШ ва унинг ҳамкорлари нуқтаи назаридан қаралганда бирламчи масала”.
Сеннесаелга кўра, Суданни эътибордан четда қолдиришнинг турли сабаблари бор: Масалан, БМТ обрўйи ва таъсирининг пасайиши ва Ғарб мамлакатларининг ўзлари учун фойдаси бўлмаган можароларга бош суқишни истамаслик кайфияти.
“Судан асосан Ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан “унутилди”. Оқ танлилар эса гўёки, Африка ва унинг ташвишларидан чарчоқ ҳис қилмоқда”, дейди у.
Бундан ташқари, европаликлар ўз ҳукуматларидан Судан бўйича бирор чора-тадбирларни ишга солишини талаб қилмаяпти.
Сеннесаелнинг фикрича, бошқа муаммолар билан ўралашиб қолган баъзи давлатлар Судан масаласида аралашадиган аҳволда эмас.
“Ғарб Жанубий Судан ёки Эфиопияда урушаётган элиталар ўртасида тезкор ҳокимиятни бўлиш тўғрисида шартномалар имзолашни ўз ичига оладиган ёндашувни қўлламоқда. Шунингдек, Африкадан чиқмоқчи бўлаётган мустамлакачилар тинчликни сақлаш учун аскар ёки пул ажратишга тайёр эмас”, дейди Оксфорд университети тадқиқотчиси Сеннесаел “Анадолу” ахборот агентлигига.
Бирор ким Судан учун янги тинчликпарварлик миссиясини яратиш ҳақида оғиз очгани йўқ. Судан аслида хавфсизлик масалаларида кўп томонлама муносабатлар таъсирининг емирилиб бораётгани ва Ғарб мамлакатларининг Африкадан бироз чекинаётганига ёрқин мисолдир.
Шунга қарамай, Форс кўрфази давлатлари, Миср ва Туркия тинчлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан минтақанинг янги “ҳимоячилари” бўлишга иштиёқи борлигини кўрсатишди.
“Бироқ уларнинг ёндашувини етарли даражада кучли деб бўлмайди. Ушбу актёрлар муаммонинг ечими қандай бўлиши кераклиги ҳақида тўлиқ тушунчага ҳам эга эмаслар. Минтақавий келишмовчиликлар ва шахсий манфаатларни бир томонга қўйиб, якдил овоз билан гапира олишмайди”, дейди тадқиқотчи.
Гуманитар кулфат ҳақида нега янгиликларда “лом-мим” дейилмаяпти?
Британияда яшовчи суданлик шарҳловчи ва фаол Моҳанад Элбалал ҳам ватанидаги инсоният инқирози глобал доирада жуда паст баҳоланмоқда, деган фикрда.
“Судан дунёдаги энг катта кўчиш юз бермоқда. Бу ерда гуманитар кулфатнинг кўламини ўлчаш имконсиз ва бу хабарлар халқаро ОАВ ҳамда нашрлар сарлавҳасида деярли кўринмаяпти”, дейди у “Анадолу”га.
Жаҳон оммаси минтақада аслида нималар содир бўлаётгани, айниқса, гуманитар вазият ҳақида гапиришни хоҳламаяпти. Шу боис ҳам суданлик мусулмонлар ёрдамсиз ташлаб қўйилмоқда.
“Ҳа, дунёда ғазоликлар каби жуда чуқур гуманитар фалокатни бошдан кечираётган мусулмонлар ҳам афсуски кўпаймоқда. Мисол учун, бугунгача Суданни 10 миллиондан ортиқ одам ташлаб кетишга мажбур бўлди”, дейди у.
Айни пайтда суданлик мусулмонлар гуманитар вазиятидан келиб чиқиб халқаро эътиборга муҳтож.
“Беқарор” тинчлик музокаралари
Жорий йилнинг 14 июль куни Женевада АҚШ ҳомийлигида Судан инқирозига бағишланган музокаралар бошланганди.
АҚШнинг Судан бўйича махсус элчиси Том Перриеллонинг айтишича, ушбу музокараларда Судан армияси иштирок этмаса ҳам, РСФ, БМТ, Африка Иттифоқи, Миср, Саудия Арабистони, БАА, АҚШ ва Швейцариядан делегациялар қатнашди.
Бироқ таҳлилчилар Саудия Арабистони ва АҚШ бошчилигида бўлиб ўтган музокараларнинг самарасиз ўтганини таъкидлашди.
Элбалалнинг айтишича, Женевадаги келишув имконияти “жуда паст”, чунки “фақат битта томоннинг ўзи билан музокара олиб бориб бўлмайди”.
“Ҳатто ўт очиш тўхтатилса ҳам, ушбу шартларга риоя қилинишини таъминлайдиган қатъий чораларсиз, тинчлик таъминланмайди”, дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, ўт очишни тўхтатишнинг ўзи етарли эмас. Сулҳга эришилган тақдирда ҳам, бу гуманитар вазиятнинг яхшиланишига олиб келмайди.
Мавҳум келажак
Судан ҳозирда мустақилликдан бери энг мураккаб вазиятни бошдан кечирмоқда.
“Судан иккига бўлинган ва бу бизга Ливияни эслатади - икки ҳукумат суверенликни даъво қилса-да, уларнинг ҳеч бири ўз ҳудудини тўлиғича назорат қила олмайди”, дейди Сеннесаел.
Икки генерал ўртасидаги ҳокимият учун кураш бутун мамлакат бўйлаб тарихий можароларни қайта қўзғатди. Аллақачон мамлакат катта фуқаролик уруши ёқасига келиб бўлди.
Тадқиқотчилар келажакда “маҳаллий можаролар умуммиллий зўравонликни қўзғатиши ва бу бутун мамлакатни қамраб олиши”дан огоҳлантиряпти.
Элбалал барқарорлик учун пойтахт Хартумни назорат қилиш муҳимлигини урғулайди.
“Вазият беқарор... Тезкор кучлар пойтахтдан қувилмагунича, икки томонлама жиддий музокаралар бўлмайди”, - дейди у.