Суд “Крокус Сити Холл”даги теракт иши бўйича яна уч нафар айбланувчини ҳибсга олди
25 март куни Москванинг Басманний суди тергов талабига биноан “Крокус Сити Холл”даги теракт бўйича жиноий иш бўйича яна уч нафар айбланувчини ҳибсга олди.
Ака-ука Диловар ва Аминжон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси
Исроил икки ойга, 22 майга қадар ҳибсга олинди.
Суд маълумотларига кўра, ҳар учала судланувчи ҳам уюшган
гуруҳ таркибида (Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми «б» банди) одам
ўлимига олиб келган террорчилик хуружини содир этганликда айбланмоқда.
Диловар ва Аминжон Исломовларга нисбатан аллақачон айблов
эълон қилинган, уларнинг отаси гумонланувчи сифатида қолмоқда.
Бир кун аввал суд терактнинг бевосита иштирокчиси деб
топилган тўрт нафар шахс – Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода,
Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридуни ҳибсга олган эди.
Улардан икки нафари айбини тан олди.
Маълумот
учун, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт зали биносида
тўрт нафар қуролланган шахс томонидан содир этилган теракт қурбонлари сони 139
нафарга етди, улардан 75 нафарининг шахси аниқланган. Жабрланганлар сони эса 361
кишига етди (тан жароҳати олганлар – 182 нафар).
“База”
Телеграм-канали манбаларининг маълум қилишича, жабрланганлар сонининг бундай
кескин ортиши одамларнинг оммавий равишда психологик ёрдам сўрай бошлагани
билан изоҳланади. Айрим ҳолларда беморлар ҳам жабрланувчи ҳисобланади. Уларнинг
аксарияти уйқусизлик, ташвиш ва психологик жароҳатдан шикоят қилмоқда.