01.07.2024 11:44
Шри-Ланка урушда ҳалок бўлган фуқаролари учун Россиядан товон пули талаб қилди
Шри-Ланка ташқи ишлар вазири Тарака Баласурия Москвага ташрифи чоғида Украинадаги урушда Россия қуролли кучлари таркибида ҳалок бўлган ва яраланган мамлакат фуқароларининг оилаларига товон пули масаласини кўтарди. Бу ҳақда Шри-Ланка ТИВ ахборот хизмати хабар берди.
"Суҳбат чоғида 17 нафар Шри-Ланка фуқаросининг жангларда ҳалок бўлгани, ўлдирилганлар ва ярадорлар учун товон пули тўлаш, алоқага чиқиш имкони бўлмаган шри-ланкаликларнинг аҳволи, ихтиёрий равишда қайтиш имконияти, шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш ва пул бўйича муносабатларни тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди", – дейилади баёнотда.
Россия ташқи ишлар вазирлиги учрашув тафсилотлари ҳақида маълумот бермаган. Департамент хабарида таъкидланишича, РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко билан сўнгги учрашувда томонлар "икки давлат кун тартибидаги долзарб масалалар"ни муҳокама қилган ва икки томонлама мулоқот динамикасини сақлаб қолишдан ўзаро манфаатдорлик билдирган, "сиёсий, савдо ва иқтисодий соҳалардаги алоқалар" кўриб чиқилган.
Маълумот учун, 2024 йилнинг май ойида Шри-Ланка ҳукумати мамлакат фуқароларини Украинадаги урушга ёллаш ишларига алоқадор тергов бошлаганди. Шри-Ланка расмийларига кўра, ўша пайтда камида 17 киши ҳалок бўлган, 37 киши яраланган ва ўндан ортиқ одам асирда сақланган бўлиши мумкин.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Тарака Баласурия 30 май куни Шри-Ланка фуқаролари алдов йўли билан Россияга яхши маош ва имтиёзлар, жумладан, Россия фуқаролиги ваъда қилинган ҳолда олиб кетилганини айтган. Унга кўра, Ташқи ишлар вазирлигига ушбу мавзу бўйича фуқаролардан 455 та мурожаат келиб тушган. AFP маълумотларига кўра, шри-ланкаликларга ойига 2000 евродан ортиқ маош ваъда қилинган, бу уларнинг ўртача даромадидан тахминан 13 баробар кўп.