20.02.2024 09:40

Қизил Хоч: Россия-Украина можарода 23 минг киши бедарак йўқолган

Россия-Украина можароси пайтида 23 минг киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда 19 февраль, душанба куни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ХҚХҚ оилаларида яқинлари ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмаган 23 минг кишининг тақдирини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

2024 йил январь ойи охири ҳолатига кўра, қўмита Украина, Россия ва бошқа мамлакатлардаги Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой миллий жамиятлари билан ҳамкорликда “8000 оилага бедарак йўқолган яқинларининг тақдири ёки қаердалиги ҳақида маълумот олишга ёрдам берди”.

Охирги икки йил ичида ХҚХКга Россия ва Украинадаги оилалардан бедарак йўқолган қариндошларини қидириш бўйича 115 мингдан ортиқ телефон қўнғироқлари, онлайн сўровлар, хат ёки шахсий ташрифлар келиб тушган.

Ташкилотнинг тушунтиришича, 2022 йил март ойида ташкил этилган Марказий кузатув агентлиги бюроси томонлар билан ишламоқда ва фронтнинг ҳар икки томонида қариндошларини қидираётган одамларга ёрдам бермоқда.

Бетараф воситачи сифатида иш олиб борадиган бюро олинган маълумотларни умумлаштириб, "бир томондан бошқасига" узатади.

Женева конвенцияларига кўра, томонлар ХҚХҚни "ўз ваколатларидаги барча ҳимояланган шахслар тўғрисида хабардор қилишлари шарт ва бу уларнинг бедарак йўқолиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради", дея таъкидлади қўмита.

ХҚХҚ оилаларнинг бедарак йўқолган яқинлари тақдирини билиш ҳуқуқи халқаро гуманитар ҳуқуқда мустаҳкамланганини яна бир бор таъкидлади.

Ҳар қандай халқаро қуролли тўқнашувда томонлар одамларнинг бедарак йўқолишининг олдини олиш ва ўз яқинларини қидираётган оилаларга улар билан нима содир бўлгани тўғрисида хабардор қилинишини таъминлаш мажбуриятини олади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.