Сомали ва Миср ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи
Сомали мудофаа вазири Аҳмад Муаллим Фиқҳий ва унинг мисрлик мавқедоши Абдул Мажид Сақр икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Сомали мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 29 сентябрь куни Қоҳирада бўлиб ўтган учрашувда томонлар минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилишини билдирганди.
Вазир Фиқҳий Мисрнинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги муҳим роли учун миннатдорлик билдирган ва икки давлат ҳам ўзаро манфаатли бўлган стратегик масалалар бўйича ҳамфикр эканини таъкидлаган.
Ўз навбатида Миср мудофаа вазири Қоҳира Могадишо билан ҳарбий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, Африка иттифоқининг Сомалида барқарорликни таъминлаш миссияси (AUSSOM) таркибидаги Миср ҳарбийлари яқин вақт ичида Сомалига юборилишини тасдиқлаган.
Август ойида AUSSOM таркибидаги Миср кучлари илк тайёргарлик босқичини якунлаганди. Январь ойида Сомали ва Миср «Аш-Шабоб» жангариларига қарши курашда ҳамкорлик қилишга келишиб олган эди.