09.12.2024 19:33

“Сюрприз”лар даври: дунё ўзгаришлар ёқасида

ХХI асрнинг дастлабки чораги бир-бирига зид бўлган томонлар кураши билан тарихда қоладиган бўлди. Айни жабҳада иккинчи даражали давлатлар АҚШ гегемонлигини чеклаш учун иттифоқлар тузишга уринаётган бўлса, Америка ўзининг стратегик манфаатларига хавф туғдириши мумкин бўлган бундай иттифоқларнинг шаклланишини имкон қадар чеклашга уриняпти. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб рўй бераётган исталган уруш, можаро ёки сиёсий ҳаракатларга эътибор қаратсак, юқоридаги икки омил томонидан дастаклаб турилганини англаш қийин эмас. 

Ғазонинг ўзи билан бошланган, кейин эса атроф минтақаларга ёйилган ҳозирги уруш аслида, Американинг наинки минтақадаги, балки жаҳондаги мавқеи ва манфаатларини сақлаб қолишга қаратилган урушдир. АҚШ мана шу шароитда дунёнинг турли минтақаларида янги можаролар оловини ёқишга уринмоқда ва минг афсуски бунинг уддасидан чиқяпти. 

2022 йилда Украина урушининг бошланиши ва, ундан ҳам кўпроқ даражада, Ғазодаги урушнинг давом этаётган янги босқичи Исроил, Украина ва Ғарбни (АҚШ бошчилигидаги) бир-бирига яқинлаштирди. Шу билан бирга, бу воқеалар уларни дунёнинг қолган қисмидан янада узоқлаштирди ҳамда кўп қутбли глобал тартибга ўтиш жараёнини тезлаштирди. Дарвоқе, дунёнинг илғор сиёсатшунослари анчадан бери кўп қутбли дунё тартибига ўтиш томон кетилаётгани ҳақида огоҳлантириб келишаётганди. 

Ўтган ҳафта Кореяда бўлиб ўтган тартибсизликлар, айни дамда Покистондаги қонли тўқнашувлар, Руминиядаги сайлов билан боғлиқ можаролар, Грузиядаги ички тартибсизликлар ҳамда Сурияда кечган шиддатли жанглар оқибатида Асад режимининг қулаши  ва буларнинг фонида бошқа давлатларнинг тўқнашуви эскирган халқаро муносабатларни қайта шакллантирувчи зиддиятлар инъикоси бўлмоқда. Қуйида асосий воқеалар ва уларнинг кенг қамровли оқибатлари ҳақида қисқача таҳлил ва хулосалар келтириб ўтилади. 

Руминия: сайлов инқирози ва демократик ноаниқлик

Руминиянинг биринчи турдан сўнг президентлик сайловини бекор қилиш қарори мамлакатни сиёсий тартибсизликка дучор этди. Конституциявий суд бу ҳаракатни демократияни чет эл аралашувидан ҳимоя қилиш учун зарур деб топди. Бироқ, бу мисли кўрилмаган қадам тартибсизликларга олиб келди ва НАТОнинг Шарқий Европадаги энг муҳим аъзоларидан бирида демократик институтларнинг яхлитлигига шубҳа уйғотди.

Мазкур вазият узоқ муддатли сиёсий беқарорликка олиб келиши ҳеч гап эмас. Бу эса Европа Иттифоқи (ЕИ)га аъзо давлатлар ичида демократик меъёрларни сақлаб қолиш борасида жиддий муаммоларни туғдиради. Аниқроғи, сиёсий бошбошдоқлик, сайлов билан боғлиқ жиддий можаролар бошқа қўшни давлатларга ҳам кўчиб ўтиши мумкин. Қолаверса, Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршиликнинг ўзи Шарқий Европа бўйлаб мана шундай тартибсизликларга сабаб бўлиши эҳтимолидан кўплаб таҳлилчилар огоҳлантиришган. 

Грузия: ички норозиликлар ва ЕИга интилиш

Грузия анча вақт олдин ЕИга аъзо бўлиш учун таклиф йўллаган, аммо таклиф кўриб чиқилмай тўхтаб қолганди. Шу туфайли аҳоли орасида тартибсизликлар келиб чиққан. Гарчи ҳозирда, дастлаб, кенг қамровли тусда кечган намойишлар камайган бўлса-да, ҳамон ўз кайфиятини сақлаб қолмоқда. Ҳукуматнинг ЕИга аъзо бўлиш интилишларини рад этиши зўравонликка, жумладан, отишмаларга, вандализмга ва полиция билан тўқнашувларга олиб келди. 
Ушбу нотинчлик аслида Шарқий Европа ва Кавказдаги кенгроқ норозиликларга ойна тутади. Ушбу мамлакатлардаги ЕИга интеграциялашув истаклари кўпинча ички сиёсат ва Россия омили билан тўқнаш келади. Грузиядаги тартибсизликлар сабаб бир учи Ғарбнинг, яна бир учи Кремлнинг қўлида бўлган “муносабатлар арқони”нинг таранглашуви ва қайсидир куни узилиши турган гап. 

Покистон: фуқаролар уруши сари 

Бир йил муқаддам қамоққа олинган Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон тобора кўпайиб бораётган ҳуқуқий муаммоларга ва бутун мамлакат бўйлаб давом этаётган норозиликларга дуч келгани сабабли одамларни фуқаролик итоатсизлигига чақирди. Имрон Хон ҳукуматни ўзига қарши сиёсий сабабларга асосланган ишлар қўзғатишда айблайди ва ўз тарафдорларини у демократияга қарши ҳужум деб таърифлаётган ҳаракатларга қаршилик кўрсатиш учун сафарбар қилишга ваъда беради. Вазият Покистондаги сиёсий кескинликни кучайтирди, норозилик намойишлари шиддати ортди ва мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар шароитида янада беқарорлик юзага келиши эҳтимолини кучайтирди. Таҳлилчилар эса ушбу можаронинг асосий сабаби қилиб АҚШ ва ҳарбий гуруҳлар ўртасидаги рақобатни таъкидлашади.  

Яқин Шарқдаги бурилиш нуқтаси

Сурия яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказига тушди. Ўтган ҳафта Россия, Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Доҳада мамлакат келажагини муҳокама қилиш учун йиғилди. Қандайдир сиёсий ечимлар ўз йўлига, бироқ ўзаро манфаатлар кесишган нуқтада қисқа вақт ичида тинчликка эришиш осон битадиган иш эмас. Россия, Эрон, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва бошқа гуруҳларнинг кўмаги туфайли ўз мамлакатидаги 13 йиллик фуқаролар урушининг дастлабки бир неча йилида қўлдан бой берган бир қатор муҳим ҳудудларни қайта назоратга олган Башар Асад яна бир бор қувилди. Асад режимини ҳимоя қилган ҳукумат қўшинлари мағлубиятга учради. Мухолифат, жумладан, Абу Муҳаммад Жавлоний бошчилигидаги “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ниҳоят муваффақиятга эришиб, ҳукуматни қўлга киритди. Суриядаги бу инқилоб яқин ўн йиллар ичида рўй берган энг шов-шувли воқеалардан бири бўлиб, келгусида дунёнинг сиёсий манзарасига таъсир ўтказмай колмайди. 

Хабарларга кўра, АҚШ минтақа учун мўлжалланган, бироқ муваффақиятсизликка учраган “А” режасидан воз кечиб, янги “Б” режасини амалга оширишга киришган. Бу эса АҚШнинг иттифоқчилар ва рақибларга бўлган ёндашувни ўзгартириши тайин. Американинг биринчи режаси Ливандаги Исломий қаршилик ҳаракатини мағлуб этиш учун Исроил ҳарбий амалиётига асосланган эди. 

Бироқ Исроилнинг Ливандаги ҳарбий тажовузи кучли қаршиликка дуч келди ва босқинчилар армияси ўт очишни тўхтатди. “А” режа муваффақиятсизлигидан сўнг, Америка бошқачароқ ўйин бошлади. Бу режа ҳарбий йўл билан эришилмаган нарсаларга сиёсий воситалар орқали эришишни мақсад қилади. Эндиликда Америка Исроилга таяниш ўрнига, Ливан сиёсий ва ҳарбий майдонига таъсир ўтказиш орқали қаршилик ҳаракатини заифлаштиришга эътибор қаратмоқда. Ушбу стратегиянинг асосий қисми АҚШ махсус кучлари ва бошқаларни жалб қилиш бўлиб, улар Ливан қаршилик ҳаракатини қуролсизлантириш ҳамда унинг мавқеини пасайтириш устида иш олиб бормоқда.

Бу янги босқич, Американинг Яқин Шарқдаги кенг қамровли стратегиясида Суриянинг муҳимлигини кўрсатади. Унда қаршилик ўқи учун муҳим логистика маркази ҳисобланган Сурия, АҚШ ва Исроил манфаатларига қарши турувчи кучлар иттифоқини йўқ қилиш муҳимдир. Шу мақсадда Америка, Сурияни беқарорлаштиришга қаратилган аввалги тактикаларига асосланиб, ёлланма аскарларни ўқитиш ва қуроллантиришни давом эттирди. Бу жараёнда турли гуруҳлардан фойдаланилди. Бироқ жорий ҳолат воқеалар йўналишини АҚШнинг манфаатларига зид тарафга ўзгартириб юбориши ҳам мумкин. 

Шунга қарамай, Суриядаги вазият мусулмон мамлакатларнинг (айниқса, сунний ва шиаларнинг)  ўзаро душманлашувига олиб келяпти. Бу эътиборга олиниши керак бўлган яна бир нуқта. Чунки Россия, Хитой ва Эрон учбурчаги ичида жойлашган майда мамлакатлар Ғарб билан яқинлашишга мажбур бўлиши, натижада Исроил билан алоқаларни ижобий руҳда қайта кўриб чиқиши мумкин. 

Таассуфки, дунё воқеалари кўзи фақатгина ўз манфаатларни кўроладиган мусулмон давлатлар сиёсатчиларини шуурий фалажликдан қутқаролмаяпти. Жаҳонда кечаётган сиёсий ўйинлар ва АҚШ бошчилигидаги қудратли мамлакатларнинг бутун дунёни ўз ноғорасига ўйнатишга интилиши мусулмон мамлакатлари, халқларининг бирлигини зарурий масалага айлантиради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.