28.02.2024 05:32
1485

АҚШ Ғазо ва Ғарбий Соҳил учун қўшимча 53 миллион доллар ажратади

АҚШ Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга жуда зарур ёрдам кўрсатувчи гуманитар дастурларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 53 миллион доллар ёрдам беради, дея хабар қилмоқда The New York Times нашри.

Оқ уй расмийларининг билдиришича, янги пакет можаро пайтида Ғазога етказилган Америка ёрдамининг умумий миқдорини 180 миллион долларгача оширади.

Қайд этилишича, Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар акс-садоси олислардаги АҚШда бўлиб ўтаётган президентлик сайловларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, араб миллатига мансуб америкаликлар энг кўп истиқомат қилувчи Мичиган штатида кўплаб демократ сайловчилар президентлик праймеризларида президент Байденни қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, Байден маъмурияти Исроилни қўллаб-қувватлаётганидан норозилигини билдирди.

Байден Мичиган штатидаги праймеризда сезиларли фарқ билан ғалаба қозонган бўлса-да, норозиликлар уни Ғазо бўйича ўз позициясини ўзгартириши кераклиги, акс ҳолда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган умумий сайловлар натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан дарак бермоқда. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.