Сингапур уламолари сунъий гўштни ҳалол деб тан олди
Сингапур Ислом диний кенгаши сунъий гўштни ҳалол деб тан олди ва агар улар ҳалол стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлса, мусулмонларга бу маҳсулотларни истеъмол қилишга рухсат берувчи фатвони чиқарди, дея хабар бермоқда GreenQueen.
Сингапур Уламолар кенгашининг Фатво қўмитаси маълум шартлар бажарилса, жумладан, ҳужайралар мусулмонлар истеъмол қилиши мумкин бўлган ҳайвонлардан (масалан, товуқ) олинган бўлса ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳалол бўлмаган компонентлар аралашмаса, сунъий гўштни ҳалол деб ҳисоблаш мумкинлигини эълон қилди.
Фатво уламолар ўртасида бир неча ой давом этган муҳокамалардан сўнг, манфаатдор томонлар, жумладан, давлат идоралари, олимлар ва мутахассислар билан маслаҳатлашганидан кейин чиқарилган. Бундан ташқари, илоҳиётшунослар маҳаллий етиштирилган гўшт ишлаб чиқаришни бориб кўрган. Фатво қўмитаси етиштирилган гўштнинг экологик ва озуқавий фойдасига алоҳида тўхталиб, унинг афзалликлари зараридан кўп эканини эътироф этди.