11.02.2025 06:30
Сингапурда масжидга ҳужум қилмоқчи бўлган экстремист қўлга олинди
Сингапурда Султон Ҳусайн масжидида теракт содир этишни режалаштирган 18 ёшли ўта ўнгчи экстремист Ли Синцю ҳибсга олинди. Бу ҳақда Сингапур Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Ли радикал ғояларга берилиб, Сингапурда малайзияликлар ва мусулмонларга қарши ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилган. У ўзини “Шарқий Осиё супрематисти” деб атаган ва хитойлар, корейслар ҳамда японларнинг ҳукмронлигига ишонган.
Терговда аниқланишича, у 2019 йилда Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида содир этилган теракт ҳақидаги видеоларни қайта-қайта кўриб чиққан. Шунингдек, у интернетда ўта ўнг экстремистик ғояларни ўрганиб, шахсий қарашларини радикаллаштирган.
2024 йил сентябрь ойида айбланувчи танасига нацист рамзлари тасвирланган татуировка туширган. У интернетдаги ҳамфикрлари билан биргаликда теракт уюштиришни режалаштиргани ва уни тўғридан-тўғри эфирда узатишни мақсад қилгани маълум бўлди.
Сингапур ҳукуматининг таъкидлашича, бундай радикал ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади ва мамлакатда экстремизмга йўл қўйилмайди. Ҳозирда ҳибсга олинган шахсга нисбатан тергов ишлари давом этмоқда.