01.11.2024 09:30

Шимолий Корея 7000 км баландликка баллистик ракета учирди. Бу – Пхеньян учун рекорд

Шимолий Корея учирган навбатдаги қитъалараро баллистик ракета рекорд даражадаги 7000 км баландликка кўтарилди. У 86 дақиқа парвоз қилиб, ярим орол шарқидаги Шимолий Корея ҳудудий сувларига тушди. Янги муваффақиятли парвоз АҚШ ва Жанубий Кореяни айниқса КХДР ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кучайган шароитда хавотирга солмоқда.

Пайшанба кунги учириш БМТ чекловларини бузади ва Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани ҳамда Пхеняннинг Сеулга нисбатан тобора тажовузкор баёнотлари фонида юз берди.

Синов куни Шимолий Корея оммавий ахборот воситаларида КХДР етакчиси Ким Чен Ин баёноти эълон қилинди, унда, жумладан, раакета учирилиши "душманларга жавоб бериш иродасини" намойиш этгани таъкидланди.

“Тасдиқлайманки, [Шимолий Корея] ҳеч қачон ядровий кучларни яратиш йўналишини ўзгартирмайди”, деди Ким Чен Ин.

Пхеньян сув ости ядровий дронини ҳам синовдан ўтказганини даъво қилмоқда, аммо шубҳалар бор.

АҚШ пайшанба кунги ракета учирилишини “БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб резолюцияларини очиқдан-очиқ бузиш” деб атади.

“Бу фақат [Шимолий Корея] ноқонуний оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини ўз халқи фаровонлигидан устун қўйишда давом этаётганини кўрсатади”, - деди Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Шон Саветт баёнотида.

Қўшни Япония ҳам пайшанба куни учиришни кузатаётганини билдирди.

Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёшимаса Хаяши махсус чақирилган матбуот анжуманида Шимолий Кореянинг пайшанба куни синовдан ўтган ракетаси оддий траектория бўйлаб учирилганда 15 минг км масофани босиб ўта олишини айтди.

Бу шуни англатадики, ракета назарий жиҳатдан АҚШнинг деярли исталган нуқтасига етиб бориши мумкин: Пхеньяндан Лос-Анжелесга тўғри чизиқ бўйлаб масофа 9545 км, Нью-Йоркка 10916 км, Вашингтонгача 11035 км. Япония ҳукумати 2022 йилдаёқ Шимолий Корея баллистик ракеталари потенциал равишда АҚШга етиб бориши мумкинлигидан хавотир билдирганди.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.