12.12.2023 08:30

Сенатор: Исроил репутацион урушда мағлуб бўлмоқда

АҚШ Сенати аъзоси, Вермонт штатидан мустақил номзод Берни Сандерс Исроил фаластинлик тинч аҳолига қарши ҳужумлари туфайли дунё жамоатчилиги нигоҳида “урушда ютқазаётганини” маълум қилди.

“Ҳозиргача улар (Исроил қўшинлари) Ғазо секторидаги уйларнинг ярмидан кўпини вайрон қилишди. Олдиндан айтиш қийин, лекин, умуман олганда, жангда ғалаба қозониши мумкин, аммо урушда мағлуб бўлишига ишонаман. Жаҳон ҳамжамияти вазиятни қандай баҳолаши нуқтаи назаридан Исроил урушда ютқазмоқда”, — дея аниқлик киритди сенатор.

Қонунчининг таъкидлашича, Исроил ҲАМАСдан "ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга", аммо у "ҳозиргидек тинч аҳолига даҳшатли зиён етказиб, Фаластин халқига қарши уруш олиб боришда давом эта олмайди".

Сандерс АҚШ раҳбарларини бош вазир Биньямин Нетаняхуни бу ҳалокатли ҳарбий ёндашувни тўхтатишга ундаш учун қўлидаги барча босим воситаларини қўллашга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Ғазодаги жангларни давом эттириши учун Нитаньяхуга яна 10 миллиард доллар ажратса, масъулиятсизликка йўл қўйган бўларди.

Сандерс, шунингдек, АҚШ қачондир Исроил ва Фаластин ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлашига умид билдирди. Сенаторнинг таъкидлашича, бу гаровга олинганларни озод қилиш ва эксклавга "катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами" етказилишини ташкил этиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 8 декабрь куни Вашингтон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқдаги можаро зонасида сулҳ тузишга чақирувчи навбатдаги резолюциясига вето қўйди. Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан 13 нафари лойиҳа учун овоз берди, Буюк Британия эса овоз беришда бетараф қолди. Бу 7 октябрдан бери АҚШ томонидан блокланган иккинчи резолюциядир. Оқ уй Исроил Ғазода урушни давом эттириш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаб келади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.