05.02.2025 11:14
316

Саудия Трампнинг Ғазо секторини назоратга олиш ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо секторини назоратга олиш ва анклавни "тозалаш" ниятида эканлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бу ҳудудда хавфсизликни таъминлаш учун қўшинлар юбориши мумкин.

Трамп бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ўтказган матбуот анжуманида билдирди. У, шунингдек, Фаластин аҳолисини Иордания ва Мисрга кўчиришни таклиф қилган ва Ғазо секторини "Яқин Шарқ Ривиераси"га айлантириш ниятида эканини айтган.

Трампнинг Ғазо ҳақидаги баёнотларидан сўнг, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди.

"Саудия Арабистони мустақил Фаластин давлати тузилмагунча Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатмайди," – дейилади расмий баёнотда.

Шунингдек, Ар-Риёд фаластинликларнинг ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳар қандай ҳаракатларни, жумладан, босиб олиш ва мажбуран кўчирилишини қоралашини маълум қилди. 

Таъкидланишича, АҚШ Сенати ва Вакиллар палатасига "Ғарбий Соҳил" номини "Иудея ва Самария"га ўзгартириш ҳақидаги қонун лойиҳаси тақдим этилган.

Трамп, шунингдек, Исроил, Саудия Арабистони ва Ғазога ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди. Бироқ сафарнинг аниқ саналарини ошкор қилмади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.