03.11.2024 12:46
Саудия тарихидаги энг катта хэллоуин нишонланди: бу нимадан дарак беради?
Бу йил Саудия Арабистонида мамлакат тарихидаги энг катта ва узун хэллоуин кечалари ташкил қилинди. Гап шундаки, 1932 йилда Саудия Арабистони қироллиги ташкил этилганидан буён мамлакат подшоҳлари ўзининг ҳашаматга ишқибозлиги билан ажралиб турган бўлса, 2015 йил 23 январда – Салмон ибн Абдулазиз Ал-Сауд тахтни эгаллаганидан сўнг, яна-да ажабланарли манзаранинг гувоҳи бўляпмиз. Аниқроғи, 2022 йилда қирол Салмоннинг еттинчи ўғли ва тахт вориси шаҳзода Муҳаммад бош вазир этиб тайинлангач, қиролликда Исломга мутлақо алоқаси бўлмаган, илдизи бутпарастлик ва бошқа маданиятларга бориб тақалувчи ғарбона "байрам"ларга ҳам рухсат берилди.
2022 йилдан бошлаб Саудияда расман нишонланадиган ушбу "шайтоний маросим" бутун дунё мусулмонларининг эътирозларига сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, хэллоуинни нишонлаш учун Ар-Риёдда қиролликнинг кўнгилочар штаб-квартираси ҳомийлигида уч кунлик фестиваль ташкил этилган. Тадбир меҳмонлари даҳшатли тематик либосларда кийинишган. У ерда қонли қиёфалар, турли кўринишдаги махлуқлар ва йиртқич ҳайвонлар, даҳшатли фильмлар қаҳрамонлари ҳамда ёвуз руҳлар ниқобидаги кўпгина "байрам" иштирокчилари йиғилган.
Бироқ кузатувчилар ушбу кечани ўтказиш учун сарфланган маблағлар ва ғарбона ҳаёт тарзига мойиллик учун Саудия Арабистони ҳукуматини мақташмади. Аксинча, танқидчилар бу ҳолат нафақат мусулмонлар қадриятларига ёт "байрам"ни нишонлаш, балки Ғарб анъаналарида мавжуд бўлган ўлим ва некрофилия культини оммалаштириш эканлигини айтиб ўтишган.
Яна баъзилар "Қора шаҳзода"нинг "келгусида қироллик мўътадил Исломга қайтиши ва аста-секин Ғарб йўлидан юриб, мамлакат модернизация қилиниши" ҳақидаги сўзларини эсга олган. Таҳлилчилар, айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли араб аёлларининг машина ҳайдашига, стадион ва кинотеатрларга боришларига, казинолар ва қутб рақсларида иштирок этишига рухсат берилганини қўшимча қилишган. "Мана ниҳоят шаҳзода бин Салмоннинг ташаббуси туфайли қиролликда ҳар йили хэллоуин нишонланадиган бўлди", дейилади бу ҳақдаги хабарларда.
Хўш, хэллоуин қандай "байрам"?
Юз йиллар олдин Европанинг катта ҳудудларида кельт қабилалари яшаган (ҳозирда уларнинг авлодлари – Ирландия, шунингдек, Буюк Британия таркибига кирувчи Шотландия ва Уэльсда яшайди). Улар бутпараст эдилар ва табиатнинг турли элементларига сиғинишарди.
Кельтлар октябрь ойининг охирида дала ишларини тугатиб, ҳосилни йиғиб олишган. Бу пайтда – кейинги табиий цикл тугагач, улар янги йилнинг бошланишини нишонлаганлар.
Кельтлар бу пайтда ўликлар ҳукмдорлигининг эшиклари очилиб, бошқа дунё кучлари ва ҳаётдан кўз юмганларнинг руҳлари ерга келади, деб ишонишган. Уларнинг ботил ақидасига кўра, одамлар ўзларига зарар етмаслиги, ёвуз руҳлар уни танимаслиги учун турли хил қўрқинчли либослар ва ниқоблар кийиш керак бўлган.
Байрамнинг яна бир тимсоли олов бўлиб, бу вақтда кўчаларда гулханлар ёқилган ва одамлар унинг алангасини кесиб ўтишган. Бугунги кунга келиб, ичига шам ёқилган "қовоқ бош" ҳам ушбу "байрам"нинг рамзи ҳисобланади.