Саудия Арабистони Украинага 100 миллион долларлик гуманитар ёрдам жўнатди, дея хабар берди Украина президенти девони раҳбари Андрей Эрмак ўзининг Телеграм-каналида.

Саудия Арабистони 3 та самолётда жўнатган ёрдам иссиқ кўрпа, гигиена воситалари ҳамда 20 дан 400 кВт гача бўлган 135 та генератордан иборат.

Қайд этилишича, ёрдамлар аҳолининг бевосита эҳтиёжларига жавоб бериш учун олтита ҳудудга тақсимланади.

Гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича келишув Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауднинг 26 февраль куни Киевга ташрифи чоғида имзоланган. У Украинага 1993 йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери илк бор ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Ал Сауд Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Натижада умумий қиймати 400 миллион долларлик ёрдам ажратиш бўйича иккита ҳужжат имзоланди: 100 миллион доллар гуманитар ёрдам ва 300 миллион доллар нефть маҳсулотлари кўринишида.

Саудия Арабистони Украинага биринчи марта ёрдам бераётгани йўқ. Октябрь ойида мамлакат Киевга 400 миллион доллар ажратганди.

Мавзуга алоқадор