19.09.2024 18:28

Сабра ва Шатила қирғини: 42 йилдан сўнг Ғазога кўчган ваҳшийлик

Бундан 42 йил олдин Ливандаги фаластинлик қочқинлар жойлашган Сабра ва Шатила лагерларида катта қирғин содир этилган эди.

1982 йил 16-18 сентябрь кунлари ливанлик насроний фалангистлар сионистлар билан ҳамкорликда ушбу лагерларда қатлиом уюштирди, оқибатда 3500 га яқин фаластинликлар – асосан аёллар, болалар ва кексалар ваҳшиёна ўлдирилди.

“Ливан фаланги” (“Катаиб”) христиан миллатчи партияси раҳбари, эндигина президент этиб сайланган Башир Жмайелнинг ўлдирилиши Ливанни ишғол қилган Ариэль Шарон раҳбарлигидаги Исроил армияси учун ушбу геноцидни амалга оширишга баҳона бўлди.

Сабра ва Шатила қирғинининг 42 йиллиги айни пайтда Ғазода давом этаётган геноцид билан бир вақтга тўғри келди. Олдингидан фарқли равишда бугун биз Исроилнинг шафқатсиз сиёсати давом этаётганини ва жамоатчиликнинг бунга бўлган муносабати сезиларли даражада ўзгарганини кузатишимиз мумкин.

“Накба” (арабча “Фалокат куни”)дан – 1948 йилда Исроил давлатининг ташкил этилиши ва оқибатда 700 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўз еридан қувилишидан бошлаб сионистлар амалга ошираётган қирғинлар ва этник тозалашлар силсилавий тарзда, маълум режа асосида уюштирилиб келинмоқда.

Худди шу йили Исроил давлатининг ташкил этилишига олиб келган уруш, шунингдек, 200 га яқин қишлоқ аҳолиси ҳалок бўлган Тантура қирғини ва юздан ортиқ фаластинлик ўлдирилган Дейр Яссин қатлиоми ҳам юз берган.

Исроил армияси 1948 йилдан сўнг Фаластин ва бошқа араб мамлакатларида худди шундай сиёсатни давом эттирди. Бу 1970 йилда Мисрдаги “Баҳр ал-Бақар” мактабининг бомбардимон қилинишидан тортиб, 1996 йилги Ливандаги “Қана” қирғинигача давом этди.

2005 йилдани бери ҳам Исроил Ғазо секторида бир қатор уруш жиноятларини содир этиб келмоқда. Сионистлар Ғазодан чиқиб кетгач секторни қамал қилди ва минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган бешта йирик ҳужумни ташкиллаштирди.

Энди эса узоқ йиллик ваҳшийликларига қарамай халқаро ҳамжамият томонидан жазоланмаган босқинчилар тобора ҳаддидан ошиб, ўн минглаб фаластинликларни, жумладан шифохоналар ёки БМТ бошқарувидаги мактаблар каби “хавфсиз ҳудудлар”да бошпана топганларни ҳам ўлдиришдан тийилмаяпти.

Дунё эътиборидан четда қолган фаластинликлар

Исроилнинг мусулмонларга қарши уруши кўлами йиллар мобайнида кенгайиб, тобора шафқатсиз тус олиб бормоқда. Бунга сабаб: сионистик мафкуранинг ирқчилик табиатидир.

Бугунги Исроилда “яҳудийларнинг олий ирқ” эканлиги ҳақидаги ғоя асосий тамойилга айланган. 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумидан сўнг Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари кўплаб ирқчилик баёнотлари билан чиқди. Жумладан, мудофаа вазири Йоав Галантнинг фаластинликларни “одамсимон ҳайвонлар” деб аташи уларнинг ҳақиқий қиёфасини намоён этди.

Афсуски, ушбу ирқчиликка асосланган, фашистик давлат ўзининг халқаро қўллаб-қувватловчиларига эга. Ғарб мамлакатлари фаластинлик қурбонлар сони 41 мингдан ошишига қарамай, Исроилни қурол ва бошқа молиявий томонлама дастаклаяпти.

Шу билан бирга, асосан мусулмонлар яшовчи давлатлар ҳукуматлари ушбу очиқ-ойдин инсониятга қарши жиноятларни фақат сўз билан қоралаяпти. Баъзилари эса уялмасдан Исроил билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни, худди ҳеч нарса бўлмагандек, давом эттирмоқда.

Ғазодаги деярли бир йиллик урушдан сўнг ҳам оммавий қон тўкишни тўхтатиш учун жиддий халқаро саъй-ҳаракатлар бўлмагани сабабли ҳам Исроил хоҳлаганича фаластинликларни ўлдириши ва ҳудуддаги кўплаб уйлар, бинолар ва касалхоналарни вайрон қилишга жазм этяпти.

1982 йил 24 сентябрь куни Сабра ва Шатила қирғини тафсилотлари маълум бўлгач, Тель-Авивда Исроил мухолифати бошчилигидаги норозилик намойишлари ўтказилади. 400 мингга яқин намойишчилар ҳукуматдан Ливандаги уруш жиноятларига оид текширув ўтказишни талаб қилишади. Норозилик ҳаракати ҳукуматни Каҳан комиссиясини тузишга ва текширувлардан сўнг Ариэль Шаронни мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқаришга мажбур қилади.

Бугун аввалгисидан фарқли равишда исроиллик сиёсатчилар, журналистлар ва оддий фуқаролар давлатнинг геноцид ҳаракатларини очиқчасига қўллаб-қувватламоқда. Фақатгина намойишчилар ҳукуматни ҲАМАС қаршилик ҳаракати томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича битим имзолашга чақирмоқда.

Тарих Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан шафқатсизликлари жазосиз қолмаслигини кўп бора исботлаган.

Ишғол сиёсати қанчалик шафқатсизлашса, бу унинг ниҳояси яқинлашаётганидан дарак беради. Бундан ташқари, Исроил “ахлоқийлик” ғоясига асосланган давлат бўлиб, Ғазодаги қирғинлар бу ғояни бутунлай йўққа чиқарди. Босқинчиларнинг Фаластинликларга қарши давом этаётган жиноятлари эса Исроилни бутун минтақа учун асосий таҳдидга айлантирмоқда.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.