31.10.2024 12:39

Россиянинг Харьковдаги кўп қаватли уйга уюштирган ҳужумида 1 бола ҳалок бўлди, 34 киши яраланди

Украина президенти Владимир Зеленский кечаси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қилган баёнотида Россия Харьковдаги 9 қаватли уйга аниқ бошқариладиган бомба билан зарба берганини маълум қилди.

Ҳужумда яраланганлар, жумладан болалар ҳам борлигини ифода этган Зеленский, "Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин. Барча хизматлар воқеа жойида", - деди у.

Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубов ҳам ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Россия армиясининг Харьковдаги турар-жой биносига уюштирган ҳужуми оқибатида 12 ёшли бола ҳалок бўлгани, 34 киши жароҳатланганини маълум қилди.

Синегубовнинг хабар беришича, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Украина Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги томонидан берилган баёнотда, Россиянинг тунги вақтда 8 та Х-59/69 русумли ракета, 2 та Искандар-М баллистик ракетаси ва 43 та «Шаҳед» типидаги учувчисиз ҳаво воситаси ёрдамида Украина ҳудудига ҳужум қилгани билдирилди.

Баёнотда Украина мудофаа кучларининг ҳаво жанги натижасида 17 та дрон ва 2 та Х-59/69 русумли бошқариладиган ракета уриб туширилгани айтилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.