Россиядаги қамоқхонада Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди
Жазони ижро этиш федерал хизмати Мордовия Республикаси бўйича департаментига қарашли 12-сонли ахлоқ тузатиш колонияси маҳкумлари ўртасида Қуръони карим қорилари мусобақаси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Islam News.
Мусобақа Мордовия
Республикаси мусулмонлари марказий диний бошқармаси ва минтақавий Жазони ижро
этиш федерал хизмати томонидан ташкил этилди.
Танловдан
кўзланган мақсад – “Маҳкумларни маънавий билим олиш ва қонунга бўйсунувчи
ҳаётга қайтариш, Муқаддас Битикнинг умумбашарий амрларини тушуниш орқали шахс
ва давлатга ҳурматли муносабатни шакллантириш, уларни ислоҳотга ундаш;
анъанавий дин вакиллари ва турли миллат вакиллари ўртасида яхши қўшничилик
муносабатларини шакллантириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларига радикал ва
экстремистик ғоялар кириб келишига йўл қўймаслик; интеграция ва ўзаро тушуниш
мақсадида Россия ва МДҲ мамлакатларида яшовчи халқларнинг энг яхши ютуқ ва
анъаналарини тарғиб қилишдан иборат”, — деди Мордовия мусулмонлари марказий
диний бошқармаси раиси Шамил Собитов.
Мусобақа 2 номинация бўйича ўтказилди. “Қуръони карим матнини асл тилида тўғри ўқиш”
номинациясида биринчи ўринни Аҳмад Абделфаттоҳ, иккинчи ўринни Арсен Жалолов,
учинчи ўринни Акбаржон Тўланбоев эгаллади. Иккинчи номинация – “Азон айтиш”. Ушбу номинацияда ўринлар
қуйидагича тақсимланди: биринчи ўрин – Равшанбек Ҳомидов, иккинчи – Жаҳонгир
Тоиров, учинчи – Бексултон Абжапаров.
Тадбир сўнгида танлов иштирокчиларига фахрий ёрлиқлар,
ғолибларга эса диплом ва қимматбаҳо ҳадялар: Қуръон ва совғалар тўплами топширилди.
Аввалроқ Мордовиядаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида православ ва мусулмонлар учун ибодатхоналар очилгани
хабар қилинганди.