Россияда президентлик сайловлари бошланди, у мамлакат тарихида илк бор уч кун - 15, 16 ва 17 март кунлари бўлиб ўтади, деб ёзмоқда TRT.

Узоқ Шарқда, хусусан Чукотка ва Камчаткада сайлов участкалари 14 март куни Москва вақти билан соат 23:00 да иш бошлади.

Бундан бир ой аввал, 25 февралда дастлабки овоз бериш босқичи бошланган, унда, Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилованинг сўзларига кўра, 2,3 миллион фуқаро ўз танловини амалга оширган. Сайловчилар рўйхатида республика ичида ва ундан ташқарида жами 112 миллион 309 минг 947 киши бор.

Президентлик сайловлари жараёни шунингдек, босиб олинган Қримда ва Украинанинг Россия назорати остидаги ҳудудларида - Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида ҳам бўлиб ўтади.

Россия президентлигига сайловда тўрт нафар номзод рўйхатга олинган: амалдаги президент Владимир Путин (ўз-ўзини кўрсатган номзод сифатида иштирок этмоқда), “Янги халқ” партиясидан Владислав Даваньков, ЛДПРдан Леонид Слуцкий ва Россия Коммунистик партиясидан Николай Харитонов.

Аввалроқ Европарламент Россиядаги президентлик сайловларини кузатиш учун ўз вакилларини юбормасликка қарор қилган эди. Расмий баёнотга кўра, бу ҳаракат "демократиянинг ўрнатилган халқаро стандартларига жавоб бермайдиган" жараённи қўллаб-қувватлашдан қочиш истаги билан боғлиқ.

Владимир Путин Россияда 2000 йилларнинг бошидан бери ҳокимият тепасида. У 2000 йилларда икки марта президент этиб сайланган: 2000 ва 2004 йилларда президентлик ваколати тўрт йил билан чекланган эди. 2008 йилда муҳим сиёсий ўзгаришлар юз берди: Дмитрий Медведев президентликка ўтирди, Путин эса ҳукуматни бошқара бошлади.

2012 йилга келиб Путин учинчи муддатга сайланишга қарор қилди, ўшанда унинг президентлик муддатини олти йилга узайтирди. 2018 йилда у яна тўртинчи марта мамлакатни бошқарган. 2020 йил ёзида эса Россия Конституцияга ўзгартириш киритиб, Путинга яна икки марта сайловларда қатнашиш ва ҳокимиятда 2036 йилгача қолиш ҳуқуқини берди.

Мавзуга алоқадор