28.02.2024 11:03

Россияда намойишкорона Қуръон ёққан шахс 3,5 йилга қамалди

Грозний суди Россиянинг Волгоград вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Никита Журавелни намойишкорона Қуръон ёқишда айбдор деб топиб, 3,5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади, дея хабар бермоқда ТАСС.

Журавел РФ Жиноят кодексининг икки моддаси - диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ва диний нафратдан келиб чиқувчи безориликда айбланган.

Тергов маълумотларига кўра, Журавел 2023 йил 4 май куни Волгограддаги жомеъ масжиди ёнида намойишкорона Қуръон ёққан. Ушбу жараён акс этган видеоёзув кейинчалик тармоқларда пайдо бўлган. 20 май куни Тергов қўмитаси Журавелнинг ҳибсга олинганини эълон қилди.

Шундан сўнг Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг қарори билан Журавелга қарши жиноий иш Чеченистондаги терговчиларга ўтказилган. Грозний масжидларининг жами 13 нафар имом-хатиби ишда жабрланувчи сифатида рўйхатга олинган.

Судда Журавел ўз айбини қисман тан олган ва Қуръонни пул учун ёққани, "оқибати ҳақида ўйламаган"ини маълум қилган.

Журавелнинг адвокати Юлия Антонова ҳимоячи ҳукм устидан шикоят қилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, суд қарорининг қонунийлиги ва асослилигини жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати баҳолаши керак.

Ҳукм эълон қилингандан сўнг Журавел шахсан мусулмонлардан кечирим сўради ва ўзига тайинланган жазони муносиб деб билишини маълум қилди. У аввалроқ исломни қабул қилиш истагини билдирган ва мусулмонларни қанчалик хафа қилганини тушуниш учун Қуръон ўқиётганини айтган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.