30.12.2024 12:32
598
Россияда кўпхотинликка оид фатво ва баёнотлар сабабли уч имом огоҳлантириш олди
Россия Бош прокуратураси Нижний Новгород вилояти мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раҳбари Мунир Беюсов, Свердловск вилояти мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Артур Мухиддинов ва Россия мусулмонлари диний бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Дамир Мухиддиновга кўпхотинлиликка оид баёнотлари учун огоҳлантириш берди.
Россия мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгашининг кўпхотинлиликка доир теологик хулосаларини қўллаб-қувватловчи ва асословчи баёнотлар ҳуқуқ-тартибот идоралари диққатига тушган.
Шунингдек, Мунир Беюсов прокуратурага олиб кетилгани ҳақида маълум қилинди. Аввалроқ Россия Бош прокуратураси Россия мусулмонлари диний бошқармаси раисига кўпхотинлилик ҳақидаги фатво юзасидан тақдимнома киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, Россия мусулмонлари диний бошқармаси адолатли муносабат, тенг вақт ажратиш ва алоҳида уй-жой билан таъминлаш шарти билан кўпхотинликка рухсат берувчи фатвони эълон қилган эди. Кейинроқ Россия Бош прокуратураси РФ мусулмонлари диний бошқармасининг кўпхотинлиликка рухсат берувчи фатвосини "амалдаги қонунчилик ва давлат оила сиёсати асосларини асраб-авайлаш ҳамда анъанавий рус маънавий-ахлоқий қадриятларини мустаҳкамлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига зид" деб топди. Шу муносабат билан мазкур фатвони бекор қилиш таклифини киритган.