20.12.2024 10:00
Россияда мусулмон эркакларга кўпхотинликка рухсат берилди
Россияда мусулмон жамоаси учун шаръий кўпхотинлиликка оид янги фатво қабул қилинди. Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармасининг Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжат, эркакларга муайян шартларга риоя қилган ҳолда тўрттагача хотин олиш имкониятини беради. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Фатвога кўра, эркакнинг бир неча хотин олиши қуйидаги шартларга боғлиқ:
Адолатли муносабат: Барча хотинлар моддий жиҳатдан тенг таъминланиши керак.
Алоҳида уй-жой: Ҳар бир хотин учун алоҳида яшаш жойи ажратилиши лозим.
Тенг вақт ажратиш: Эр ҳар бир хотини билан вақт ўтказишда олдиндан келишилган тенглик қоидасига амал қилиши керак.
Агар ушбу шартлар бажарилмаса, эркакка кўп хотинлиликка рухсат берилмайди. Бироқ, айрим ҳолларда, масалан, бир хотин ўз ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечса, истиснолар қўлланилиши мумкин.
Кўп хотинлиликка бир қатор сабаблар асос қилиб кўрсатилган. Жумладан,
Биринчи хотиннинг соғлиғи туфайли фарзанд кўра олмаслиги.
Репродуктив ёш тугаганлиги ёки фарзанд кўришни истамаслиги.
Ёлғиз аёл ва унинг болаларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш истаги.
Эр-хотин ўртасида жинсий мослик йўқлиги бунга асос бўлади.
Янги хотин билан никоҳ тузишдан олдин эр ўзининг аввалги оиласи борлигини янги хотинига маълум қилиши шарт бўлади. Биринчи хотинга ҳам янги никоҳ ҳақида хабар бериш тавсия этилади.
Агар янги хотин эрнинг аввалги никоҳидан бохабар бўлмаса ва буни қабул қилмаса, у ўз никоҳини бекор қилишга ҳақли.
Россиянинг амалдаги қонунчилиги бир вақтда фақат битта расмий никоҳга рухсат беради. Расмий бўлмаган шаръий никоҳлар қонунан тан олинмайди, бу эса ҳуқуқий ҳимоя етишмовчилигига олиб келади.
Москва муфтийси Илдар Аляутдинов таъкидлаганидек, эркак барча фарзандларни моддий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаши керак. Бунинг учун нотариус орқали васиятнома тузиш тавсия этилади.
Кўп хотинлилик Россия мусулмонлари учун диний анъаналарни қонунчилик доирасида амалга ошириш учун имконият яратади. Бироқ, қонун ва шаръий талабларни уйғунлаштиришда мавжуд муаммолар сақланиб қолмоқда. Шаръий никоҳда бўлган аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва қонунчиликка мувофиқлик масаласи ҳал этилиши зарур.