Россия Украина ҳудудидан Курск вилоятига 5 минг нафар ҳарбий хизматчини кўчирди
Россия ҳарбий қўмондонлиги украин армияси босқинини қайтариш учун Украинадаги фронт чизиғидан 5 минг аскардан иборат гуруҳни Курск вилоятига ўтказди, дея хабар берди The Wall Street Journal нашрига вазиятдан хабардор бир неча манба.
Уларнинг маълумотларига
кўра, Россия бир нечта кам сонли бригадаларни кўчирган. Улардан бири Украинанинг Донецк вилоятидан олиб ўтилган, қолганлари
эса стратегик аҳамиятги
камроқ бўлган ҳудудлардан қайта жойлаштирилган.
Курск вилоятидаги босиб олинган ҳудудларни қайтариш учун
Россия ҳарбий қўмондонлиги Украинадаги фронт чизиғидан бундан ҳам кўпроқ
қўшинни олиб чиқишга мажбур бўлиши мумкин. Манбага кўра, Россия армиясига
бундай операция учун 20 минг нафар яхши тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар гуруҳи
керак бўлади.
Ғарб ҳарбий таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Украина
Курскга 6 минггача аскарни жойлаштирган, яна 4 минг аскар Суми вилоятида
ёрдамчи вазифаларни бажариш учун жойлашган. Манбанинг таъкидлашича, фронтни
заифлаштирмаслик учун ушбу қўшинларнинг салмоқли қисми Украина Ғарб кўмагида
тузаётган захира кучларидан жорий йил охири ва 2025 йилдаги операциялар учун
сафарбар қилинган.
Ўтган жума куни икки юқори мартабали америкалик амалдор CNN телеканалига Россия
қўмондонлиги Украинадан ҳар бири камида 1000 кишидан иборат бир неча бўлинмани
Курск вилоятига ўтказганини айтди.
Уларнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучлари (УҚК) операциясининг асосий
мақсади Россия президенти Владимир Путин учун "стратегик дилемма"
яратиш - у қўшин юбориши керак. Бироқ Украинадаги фронтда юз минглаб рус қўшинлари
бор, шунинг учун бир неча минг аскарни бошқа жойга йўналтириш қисқа муддатда
катта таъсир кўрсатиши даргумон, дейди CNN манбалари.
Телеканалнинг яна икки манбаси Россия ўзининг йирик ва
жанговар тайёр бўлинмаларини Украинадан Курскга ҳали ўтказмаганини таъкидлади.
Бунинг ўрнига Россия қўмондонлиги Курск вилояти мудофаасини асосан Россиянинг
бошқа вилоятларидан келган ҳарбий хизматчилар орқали кучайтиришга қарор қилди,
дея қўшимча қилди суҳбатдошлардан бири.
Россия қўшинларининг Украинадан кўчирилиши “Путин Украина
шимоли-шарқида ёки ҳатто жанубда, Запорожье каби жойларда
олиб борилаётган ҳарбий амалиётлардан воз кечганини англатмайди”, деди Миллий
хавфсизлик кенгаши матбуот
котиби Жон Кирби.
Шу билан бирга, сўнгги разведка маълумотлари билан таниш
бўлган Америка ва Ғарб расмийлари Украинанинг Курск вилоятидаги босиб олинган
ҳудудларни узоқ вақт ушлаб туриши даргумон, дея огоҳлантирди. Бироқ, уларнинг
фикрича, бу операция урушнинг умумий натижасига қандай таъсир қилишини айтишга
ҳали эрта.
Украина Қуролли
Кучларининг 6 август
куни бошланган Курск вилоятидаги ҳужуми чоғида 1150 кв. км. майдон ва 82 аҳоли пункти Украина қўшинлари назорати остига
ўтгани ҳақида 15 август, пайшанба куни Украина Қуролли кучлари бош
қўмондони Александр Сирский маълум қилган эди. Асирга олинган россиялик ҳарбий хизматчиларнинг аниқ
сони номаълум, бироқ Independent нашри Украина ҳарбийлари орасидаги хабардор
манбага таяниб ёзганидек, улар
сони 2 минг киши, жумладан, чақирилувчиларни ташкил қилиши мумкин.
Шунингдек, россиялик ҳарбий ҳалок бўлганлар сони ҳақида ҳам расмий маълумот йўқ,
бироқ фақат 9 август куни Рйлск яқинидаги карвонга қилинган ҳужум пайтида 500
га яқин рус аскари ва зобити ҳалок бўлган бўлиши мумкин. 16 август, жума куни Украина қуролли кучлари
Курск вилоятида Россиянинг яна бир карвонини йўқ қилгани маълум бўлди. Демак, қурбонлар сони янада кўпроқ бўлиши
мумкин.
Россия ҳудудидаги жанглар фонида Курск, Белгород ва Брянск
вилоятларида “аксилтеррор операцияси” (СТО) режими жорий этилган. Шунингдек, Курск ва Белгород
вилоятларида федерал даражада фавқулодда ҳолат эълон қилинган.