Зеленский: Украина Россиянинг Курск вилоятидаги 74 та аҳоли манзилини назоратга олди
Украина президенти Владимир Зеленский украин қўшинлари Россиянинг Курск вилояти ҳудудидаги операцияси давом этаётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда “Анадолу”.
Унинг
сўзларига кўра, Россиянинг 74 та аҳоли пункти аллақачон Украина
назорати остига ўтган.
Президент Украина Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи
Александр Сирскийнинг маърузасига таяниб, шундай деди: “Мураккаб, шиддатли
жангларга қарамай, Курск вилоятида қўшинларимизнинг олға силжиши давом этиб, давлатимиз учун айрибошлаш фондини тўлдирмоқда. Украина назорати
остида 74 та аҳоли манзили
мавжуд. У ерда текширувлар, барқарорлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда. Бу
ҳудудлар учун гуманитар ечимларни ишлаб чиқиш давом этмоқда”.
Сирскийнинг ҳисоботига кўра, сўнгги 24 соат ичида Украина
қуролли кучлари турли йўналишларда 1 километрдан 3 километргача олдинга
силжиган.
Россия Мудофаа вазирлиги баёнотидан
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги 13 август куни тушдан
кейин Телеграм-каналида Украина Қуролли кучларининг иккинчи ҳафтадан бери
ҳужуми давом этаётган Курск вилоятидаги вазиятнинг янги шарҳини эълон қилди.
Мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, Россия бўлинмалари
Украина Қуролли кучларининг Суджа туманидаги Мартиновка қишлоғи йўналишида (чегарадан
14 километр узоқликда) ҳужумини қайтарган. Айтилишича, 15 нафаргача украиналик
аскарлар ҳалок бўлган, иккита зирҳли жанговар машина ва иккита автомобиль йўқ
қилинган.
Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, рус қўшинлари Озерки
қишлоғини (Беловский туманидаги чегара қишлоғи бўлиши мумкин) тозалаган, 15
нафаргача украиналик ҳарбий хизматчини ўлдирган, тўртта «Стрйкер»
бронетранспортёрини йўқ қилган ва Украина Қуролли кучларининг олти нафар ҳарбий
хизматчисини асирга олган.
Бундан ташқари, вазирлик баёнотига кўра, Россия қўшинлари
Курск вилоятининг Михайловка, Коренево, Николаево-Дарйино, Олешня, Суджа ва
Николаевка туманларида Украина Қуролли Кучларининг Суми вилоятининг Миропол,
Могрица ва
Петрушевка туманларидаги ишчи кучи ва техникасига, шунингдек, захираларга зарба
берган.
Россия томонининг таъкидлашича, бир кунда Украина Қуролли
кучлари 420 нафаргача
ҳарбий хизматчи, 55 та зирҳли техника, шу жумладан 3 та танкни, 6 августдан
бери эса жами 2030 нафаргача
ҳарбий хизматчи ва 35 та танкни йўқотган.