04.07.2025 06:20
129
Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди
Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Рус дипломати Дмитрий Жирновнинг айтишича, Путин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таклифи билан Афғонистон Ислом Амирлигини тан олишга қарор қилган. Бу қарор эса "Россиянинг Афғонистон билан тўлақонли шериклик ўрнатишга бўлган интилишини намойиш этади".
Олдинроқ, Афғонистоннинг Россиядаги янги элчиси Гул Ҳасан вазифасини бажаришга киришгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот учун, "Толибон" ҳаракати 2003 йилда Россияда террорчи ташкилот деб тан олинганди.
2021 йилда "Толибон" ҳокимият тепасига келганидан сўнг Россия улар билан фаол ҳамкорлик қила бошлади. 2024 йил декабрь ойида эса давлат думаси ташкилотни суд қарори билан террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш имконини берувчи қонунни қабул қилди. Қонунни Владимир Путин имзолади. 2025 йил март ойи охирида бош прокуратура Олий судга "Толибон" фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туришни сўраб мурожаат қилди. Апрель ойида суд Россиядаги тақиқни тўхтатди.