04.06.2024 10:13

Reuters: Парижда мусулмон ота-оналар фарзандларини 200 км узоқликдаги мактабга беришга мажбур

Париждаги мусулмонлар фарзандларини уйидан 200 километр узоқликда жойлашган мусулмон хусусий мактабида ўқитишга мажбур бўлмоқда. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Эммануэль Макрон ҳукумат тепасига келган 2017 йилдан буён миллий ҳукуматнинг маҳаллий бўлимлари томонидан мамлакатда энг камида бешта мусулмон мактаби ёпилган.

Шу билан биргаликда, мусулмон мактабларини давлат томонидан молиялаштириш масаласида ҳам жиддий муаммолар мавжуд. Макронгача бўлган даврда тўққизта мактаб давлат ёрдамини олиб келган бўлса, 2017 йилдан бери фақатгина битта мусулмон мактабига маблағ ажратилган. 

Ўтган йилнинг декабрида эса Францияда академик кўрсаткичлар бўйича юқори натижага эга Лилл шаҳридаги Аверроэс мактабига ҳам ваъда қилинган 2 миллион евролик ёрдам тўхтатилди. 

Reuters ўрганишлар давомида 10 дан ортиқ мусулмон мактабларининг ўндан ортиқ амалдаги ва собиқ директорлари ҳамда ўқитувчилари билан суҳбатлашган, улар муассасалар ҳужумга учрагани, жумладан, сохта асослар бўйича танбеҳ ва камситилиш уларнинг давлат тизимига янада яқинроқ интеграциялашувига тўсқинлик қилаётганини айтишган.

Франция диний мактабларини ўрганувчи ҳамда католик ва яҳудий мактабларига нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлишини таъкидлаган америкалик антрополог Керол Феррера: "Бу ҳақиқатан ҳам икки томонлама стандарт: ким маълум бир тарзда дунёвий республика қадриятларига мос келиши керак, ким йўқ", - деди. 

Франция ОАВларининг хабар беришича, Париждаги таниқли католик мактаби Станислас инспекторлар ўтган йили жинсий алоқа ёки гомофобия ғоялари ҳамда мажбурий диний дарсларни ўрганиш муаммоларини аниқлаганига қарамай, молиялаштиришни сақлаб қолган.

Инсон ҳуқуқлари ва мусулмон гуруҳларининг таъкидлашича, ҳукумат мусулмон мактабларини нишонга олиб, мусулмонларнинг ўз шахсини ифода этишини қийинлаштириб, диний эркинликка тажовуз қилмоқда.

Reuters агентлиги суҳбатлашган тўрт нафар ота-она ва уч нафар ўқитувчи кампания мусулмонларни яшаб турган жойидан узоқлаштирганидан норози эканини айтди.

Аверроэсга қатнайдиган уч қизнинг отаси 42 ёшли Томас Мисита ҳам ғазабда.
“Мен ўзимни ҳақоратлангандек ҳис қиляпман, - деди Мисита. - Мен ўзимни 100% француз деб биламан ва энди бўшлиқ пайдо бўлди".

“Жисмоний шахслардан 1 миллион еврога яқин хайрия йиғилганига қарамай, келгуси йил учун рўйхатга олиш 800 нафардан 500 га яқин ўқувчига камайди, - деди мактаб директори Эрик Дюфур. 

Унинг айтишича, мактаб қарорни бекор қилиш учун қонуний кураш олиб бормоқда. Мактаб давлатга молиялаш шартларига риоя қилиш ва француз қадриятларини ҳурмат қилишига "барча кафолатлар" берган.

"Биз Франциядаги энг кўп текшириладиган мактабмиз", - деди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.