18.12.2023 13:55

Иордания Исроилга қуруқликдан юк ташиш лойиҳасига алоқадорлигини рад этди

Иордания Транспорт, саноат ва савдо вазирлиги БАА, Саудия Арабистони ва Иордания ҳудуди орқали Исроилга қуруқликдан йўл очилгани ҳақидаги хабарларни радэтди.

Иорданиянинг Петра ахборот агентлиги вазирлик баёнотига асосланиб, Қизил денгиздан Дубай портлари орқали Исроилга юкларни етказиб беришнинг “муқобил қуруқлик йўли” ҳақидаги маълумотлар “мутлақо ёлғон” эканини маълум қилди.

Нашрнинг ҳукуматдаги манбалари “бу айбловлар рад этилган ва Исроилнинг шафқатсиз агрессияси фонида Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар бўйича Иорданиянинг қатъий позициясини чалкаштириб юборишга мўлжалланган”, деб таъкидлади.

Аввалроқ Исроилнинг Walla сайти Форс кўрфазидан БАА, Саудия Арабистони ва Иордания орқали Исроилга олиб борувчи қуруқликдаги транспорт йўналишининг синов операцияси муваффақиятли бошлангани ҳақида хабар берган эди. Логистика кўприги Ямандаги хутий исёнчилари Исроилга йўл олган барча кемаларнинг Қизил денгиздан ўтишини тақиқлагани сабабли Сувайш каналига муқобил бўлиши учун мўлжалланган.

Исроил матбуотидаги маълумотларга кўра, биринчи ўнта юк машинаси Форс кўрфазидан Исроилга янги йўлак бўйлаб муваффақиятли йўл олган.

Исроил матбуоти янги қуруқлик коридори яҳудий давлати ҳукумати томонидан тасдиқланганини даъво қилмоқда. Шу билан бирга, у Сувайш канали орқали ўтадиган йўналишга нисбатан юкларни етказиб бериш муддатини 80 фоизга қисқартириши кутилмоқда. Юк машиналари Форс кўрфазидан Исроилгача бўлган масофани икки куну бир неча соатда босиб ўтгани айтилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.