Қизил денгиз инқирози 13,6 млн тонна кўпроқ иссиқхона газлари чиқарилишига олиб келди
АҚШнинг Inverto ширкати маълумотларига кўра, Ямандаги Ҳусийларнинг Қизил денгизда Исроилга алоқадор кемаларга ҳужуми натижасида савдо кемалари Яхши умид бурни орқали Африкани айланиб ўтишни бошлагани углерод изи (инсон, корхона, маҳсулот, шаҳар ва давлат томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита ишлаб чиқариладиган барча иссиқхона газлари чиқиндиларининг йиғиндиси – таҳр.) миқдорини сезиларли оширди.
Қайд
этилишича, Қизил денгиз инқирози бошланганидан тўрт ой ичида (2023 йил декабрь
ойининг ўрталаридан жорий йилнинг апрелигача) Яхши Умид бурни томон йўл олган
кемалар йўналишини ўзгартириши натижасида қўшимча 13,6 миллион тонна карбонат
ангидрид чиқиндилари ҳосил бўлган. Бу худди шу давр ичида 9 миллион
автомобилдан чиқадиган зарарли газлар миқдорига тенг демакдир.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар инқироз давом
этса, чиқиндилар миқдори йилига 41 миллион тоннага етиши мумкин, бу эса
компанияларнинг ноль эмиссия мақсадларига эришишига хавф туғдиради.
Маълумот
учун, дунё халқаро савдосининг қарийб 80 фоизи денгиз орқали амалга
оширилади. Юк ташиш
натижасида атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари эса умумий иссиқхона
газлари чиқиндиларининг 2,2 фоизини ташкил қилади.
Қизил
денгиздаги инқироз туфайли кемалар йўналишларини ўзгартирар экан, ёқилғи сарфи
ҳам ортиб бормоқда.
"Кўпроқ
ёқилғи кўпроқ углерод чиқиндиларини, биологик хилма-хилликни йўқотишни ва
келажакда ҳаёт сифатини пасайтиришни англатади", - дейди Истанбул
иқтисодиёт университети саноат сиёсати ва технологиялар бошқаруви кафедраси
мудири Сабри Ўз “Онадўли” агентлигига.
Қизил
денгиз инқирози сабабли денгиз йўлида бор-йўғи 10 кунлик кечикиш атмосферага
чиқинди газларнинг тахминан 0,2 фоизга ошишига олиб келади, деди у.
Ўзнинг
таъкидлашича, Яхши Умид бурни орқали ташувлар ҳажмининг ортишига Қизил
денгиздаги вазият атрофида давом этаётган кескинликдан ташқари, иқлим ўзгариши
шароитида Панама каналида сув сатҳининг пасайиши ва ўтиш учун нархларнинг ошиши
ҳам сабаб бўлган.
2024
йилнинг биринчи чорагида Умид бурнида денгиз ташиш 27 фоизга ошди, дея таъкидлади
у.
Қизил
денгиздаги кескинлик кучайиб, Сувайш канали ёпилса, денгиз савдосининг 12 фоизи
тўхтаб қолиши мумкин, бу сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатларга
олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирди Истанбул университети ўқитувчиси.