Қайси давлатлар исроилликларга ўз ҳудудига киришни тақиқлади?
2 июнь куни Мальдив ороллари ҳукумати сионистларнинг фаластинликларга нисбатан геноциди тобора авж олаётгани фонида Исроил фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори Исроил фуқароларининг Мальдивга киришини тақиқлаш бўйича зарур қонунларга ўзгартиришлар киритиш, ҳукумат таркибида бу ҳаракатларни назорат қилувчи қўмита ташкил этишни ўз ичига олади.
Айни пайтда босқинчи давлат паспорти эгалари ушбу дам олиш
ҳудудларига саёҳат қилиш имкониятидан маҳрум бўлишди. Ўзининг пляжлари ва
ҳашаматли курортлари билан машҳур бўлган кичик Осиё давлати исроилликлар учун
"эшигини ёпган" ўндан ортиқ мамлакатлар қаторига қўшилди: Жазоир,
Сурия, Эрон, Покистон, Ироқ, Бангладеш, Қувайт, Ливан, Яман, Уммон, Бруней, Ливия, Малайзия ҳамда Саудия Арабистони
мазкур рўйхатдан жой олган.
Қайд этилишича, Мальдив ороллари президенти Муҳаммад Муиззу фаластинликларнинг
эҳтиёжларини баҳолаш учун махсус вакил тайинламоқда ва БМТнинг фаластинлик
қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги кўмагида маблағ йиғиш кампаниясини ташкил
этмоқда.
Бирдамлик билдириш мақсадида “Мальдивликлар Фаластин билан
бирга” митингини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Исроил-Фаластин можаросини ҳал
қилишни тезлаштириш учун Мальдив бошқа мусулмон давлатлари билан музокаралар
олиб бормоқчи.
Ушбу янгиликдан ранжиган босқинчи давлатга хайрихоҳ ижтимоий
тармоқ фойдаланувчилари ҳам жим тургани йўқ – улар сафдошларини Мальдив
оролларини бойкот қилишга чақиряпти.
Ўз навбатида Мальдив оролларига ҳар йили миллиондан ортиқ
сайёҳ келади. Охирги маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда дам олишни истаган
исроилликлар сони 15 мингга яқинни ташкил этган.
Аввалроқ, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Исроилни
конфликт зоналарида болаларга атайлаб зарар етказувчи ва ўлимига сабаб бўлувчи
давлатларнинг қора рўйхатига киритишини маълум қилганди. Гутерриш Исроилнинг
АҚШдаги мудофаа атташеси генерал майор Ҳидай Зилберманга тегишли огоҳлантиришни
етказган. Агар шундай бўлса яҳудий давлати ИШИД, “Ал Қоида” каби гуруҳлар
киритилган қора рўйхатдан жой олиши мумкин. 26 июнь куни муҳокама қилиниши
режалаштирилган БМТ хавфсизлик кенгаши аъзоларига тарқатиладиган ҳисоботда бу
акс этиши кутилмоқда. Исроил эса қора рўйхатга кириш мамлакатга қарши қурол эмбаргосига олиб келиши
мумкинлигидан хавотирда.
Шунга қарамай АҚШ бошчилигидаги йирик ташкилотлар Ғазода кўп
сонли мурғак болаларнинг қотилига айланган Исроилга қарши жиддий чора кўришга
ошиқмаяпти. АҚШ ҳам сионистларга фаластинликларнинг қонини тўкиш учун етарлича
қурол беришда давом этмоқда. Давлат котиби Энтони Блинкеннинг фикрича,
қирғинбарот урушни тўхтатиб, сулҳга эришишга тўсқинлик қилаётган "ягона
айбдор" – Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати.
Байден маъмурияти ЦАХАЛ минглаб фаластинликларни ўлдирса ҳам
Қуддуснинг асл эгаларига нисбатан Тель-Авив томонидан бирор бир геноцид содир
этилаётганини кўрмаётганини таъкидламоқда. Россиянинг Украинага қарши урушини
қоралаётган Америка Яқин Шарқдаги хунрезликларни дастаклаш билан бирга оқлашга
ҳам уринмоқда.
Катта давлатларнинг қўлловини олаётган яҳудий давлати эса кун сайин ҳаддидан ошиб, олдинроқ тинч аҳолини ўлдираётганини рад этиб келган бўлса, энди бироз "кулгу" билан тан ҳам олмоқда. Мисол учун, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ЦАХАЛ Ғазодаги Рафаҳ шаҳрида ноҳарбий бинога зарба берганини тан олди. Хабарингиз бор, бу зарба оқибатида қочқинлар лагерида ёнғин чиққан ва камида 45 киши ҳалок бўлганди. У мамлакат парламентидаги чиқиши чоғида буни "аянчли хато", деб атаган.
"Тинч аҳоли вакилларига зарар етказмаслик бўйича
қилаётган ишларимизга қарамай, кеча тунда аянчли хато содир бўлди", деган
Нетаньяху.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Исроил етакчисининг
"мардонавор" тан олишига ракета зарбаси оқибатида фаластинликлар
яшаётган чодирлар ёнаётгани тасвирланган кадрларнинг тарқалиши ҳам сабаб
бўлган. Чунки ЦАХАЛ Нетаньяхунинг чиқишидан олдин зарба аниқ разведка маълумотига
асосланиб берилгани, бу ҲАМАС объекти экани ҳақида баёнот берганди.