Путин: Украинанинг F-16 самолётлари учирилган учинчи давлатларнинг аэродромлари қонуний нишонга айланади
Украинанинг F-16 қирувчи самолётларини учиришда учинчи давлатлар аэродромларидан фойдаланилса, ушбу аэродромлар Россия учун қонуний нишонга айланади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Твер вилоятидаги ҳарбий учувчилар билан суҳбат чоғида айтиб ўтди.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, F-16 қирувчиларининг
Украинадаги жанг майдонида пайдо бўлиши вазиятни ўзгартирмайди.
“Биз уларнинг (НАТО мамлакатлари) самолётларини худди бугун
уларнинг танклари, зирҳли транспорт воситалари ва бошқа жиҳозларини, шу жумладан бир нечта
ракета тизимларини йўқ қилгандек йўқ қиламиз. Албатта, агар учинчи давлат аэродромларидан
фойдаланилса, улар (аэродромлар)
қаерда бўлишидан қатъи назар, биз учун қонуний нишонга айланади”, — деди Путин.
Шу билан бирга, Россия президенти F-16 самолётлари ҳам ядро
қуроли ташувчиси эканлигини, жанговар ишларни ташкил этишда буни ҳам ҳисобга
олиш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Путин Россия ҳарбий авиациясининг
Украинадаги “махсус операция”даги ҳаракатларини юқори баҳолади.
НАТОнинг ҳаракатланиши ва Россиянинг бошқа мамлакатларга ҳужум қилиш
эҳтимоли
“НАТО Шимолий Атлантика блоки, Шимолий Атлантиканинг
ташкилотидир. У ҳозир қаёққа кетяпти? У Осиё-Тинч океани минтақасига, Яқин
Шарққа, дунёнинг бошқа минтақаларига кириб бормоқда ва аллақачон Лотин
Америкасига ҳам силжишмоқда.
Ва уларнинг барчаси
турли баҳоналар остида,
турли хил соуслар билан,
лекин баридир ўша-ўша: у ерга НАТОни киритиш ва ортидан Европадаги
сателлитларини эргаштириш. Афтидан, буларнинг барчаси қайсидир маънода
ўзларининг миллий манфаатларига мос келади, деб ҳисоблашади, улар катта ва кучли Россиядан
қўрқишади, гарчи улар буни беҳуда қилаётган бўлишса ҳам”, - деди
Путин.
Россия давлати раҳбари “Россия НАТО билан курашмоқчи” деган
гапларни ҳам бемаънилик деб атади.
“2022 йилда АҚШ, хотирам панд бермаса, 811
млрд доллар, Россия эса
72 млрд доллар
сарфлади. 72 ва 811 - фарқ сезиларли, ўн баравардан ортиқ. АҚШнинг мудофаа харажатлари глобал мудофаа харажатларининг тахминан 40
фоизини ташкил этади, умумдунё харажатларининг 39 фоизи, бу – АҚШ. Россия эса -
3,5 фоиз. Ва бу нисбатни ҳисобга олсак, биз НАТО ёки бошқаси билан курашамизми? Бу шунчаки
сафсата”, — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, агарда Совет Иттифоқи парчаланганидан
кейин, Россия таклиф қилганидек, Европада бутунлай янги хавфсизлик
муносабатлари қурилганида эди,
"бугунгидек ҳолат
сира вужудга келмасди”.
“Биз йилдан-йилга, аслида ўн йилдан ўн йилгача гапириб
келаётган хавфсизлик соҳасидаги манфаатларимизни шунчаки ҳисобга олишганида эди. Шунчаки тўлиқ эътиборсизлик.
Тўғридан-тўғри
чегарамизгача келишди. Биз НАТО блокига
кирган ўша давлатларнинг чегаралари томон ҳаракат қилдикми? Биз ҳеч кимга
тегмадик. Улар биз томон ҳаракат қилишди. Биз океанни АҚШ чегараларигача кесиб ўтдикми?
Йўқ, улар бизга яқинлашиб келишди. Биз нима қилишимиз керак? Биз фақат тарихий
ҳудудларимизда халқимизни ҳимоя қиламиз. Шунинг учун уларнинг Украинадан кейин
Европага ҳужум қилишимиз ҳақидаги гаплари мутлақо бемаънилик”, — деди Путин.
“Баъзи бошқа давлатларга, Польшага, Болтиқбўйи давлатларига ва
ҳоказоларга ҳужум қилиш эҳтимоли чехларни қўрқитмоқда. Шунчаки бемаънилик,
аҳолини алдаш ва одамлардан қўшимча харажатларни ундиришнинг яна бир усули,
уларни бу юкни ўз елкасига олишга мажбурлаш. Бори шу”, — дея қўшимча қилди у.
Россиянинг миллий масаласи
Бундан
ташқари, Россия президенти Россияда "миллатлараро ва динлараро тотувликка
эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш" зарурлигини таъкидлади.
“Аммо биз
кўп миллатли, кўп конфессияли давлат эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак,
биз ҳар доим биродарларимиз – бошқа дин вакиллари: мусулмонлар, яҳудийлар,
ҳаммага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз лозим ва шундай қиламиз. Биз
тўртта эътиқод ҳақида гапирамиз ва уларни анъанавий деб атаймиз, лекин бизда
маънавий соҳада жуда бой хилма-хиллик мавжуд. Биз ҳаммага ҳурмат билан
муносабатда бўламиз ва ҳар кимга ўз Ватанини ҳимоя қилаётганини, ҳеч кимнинг
бошқа Ватани йўқлигини ҳис қилиш имкониятини тақдим этамиз ва берамиз. Биз учун
эса, Худога шукур, бу шундай ишлайди. Биз миллатлараро ва конфессиялараро
тинчликка жуда эҳтиёт бўлишимиз керак”, — деди Путин.
Шу билан бирга, у “Россия фақат руслар учун”, деганларни кескин қоралади.
“Ўзимизникиларни
- ҳамма жойда, ҳар қандай жамиятда шундай одамлар бор – ҳайбаракаллачи ватанпарварлар,
жумладан, “Россия фақат руслар учун”, дейдиганларни
эшитганимда, биласизми, менда ташвиш ҳисси пайдо бўлади. Нега? Чунки
мамлакатимиз ҳудудида 190 га яқин миллат ва элатлариимиз истиқомат қилаётганини ҳамда айрим миллатлар миллионлаб аҳоли вакилларини ўзида ифода
этишини ёдда тутсак, бу ерда қолган барча бегона экани ҳақидаги бузғунчи фикрларни ҳаётга
татбиқ эта бошласак, мамлакатни
вайрон қиламиз. Ва асосий қурбонлар рус халқи бўлади. Шунинг учун ушбу
компонентга жуда катталарча, жиддий муносабатда бўлишингиз керак, қўлларингизни
силкитиб, тилингизни силкитманг, балки ҳар бир сўзни, ҳар бир иборани талаффуз
қилганингизда ўйланг. Бизнинг ягона катта ватанимиз бор деб ўйлаш керак”, - деди Путин.