30.01.2024 13:09

Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон сайловлар олдидан яна 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Покистон махсус суди сешанба куни собиқ бош вазир Имрон Хонни давлат сирларини ошкор қилганликда айблаб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, дея хабар бермоқда BBC.

Айблов хулосасига кўра, Хон Покистоннинг Вашингтондаги элчиси ҳукуматга юборган махфий телеграмма мазмунини ошкор қилган.

Покистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ҳам 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани билдирилди.

2022 йилда бош вазир лавозимидан четлаштирилган Имрон Хон 2023 йил августида коррупцияда айбдор деб топилиб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Собиқ бош вазирга қарши яна юзга яқин суд ишлари давом этмоқда. Унга қўйилган айбловлар орасида коррупция, терроризм ва ҳатто куфрни ҳам ўз ичига олади.

Хоннинг таъкидлашича, унга қарши кампания унинг лавозимга қайтишига йўл қўймаслик учун уюштирилган.

Биринчи марта судланганидан сўнг, унга номзод бўлиш тақиқланганди, бироқ Хоннинг адвокатлари бир қатор апелляция аризалари билан мурожаат қилишиб, ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилишди.

Янги 10 йиллик қамоқ жазоси уни нафақат сиёсатга қайтиш, балки озодликка чиқиш имкониятидан ҳам маҳрум қилади.

Собиқ бош вазирнинг «Таҳрик-и-Инсаф» партияси ишни уйдирма деб ҳисоблашда давом этмоқда ва ҳукмга эътироз билдирмоқчи, деб хабар бермоқда Reuters.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.