Покистонда жангарилар ҳужуми натижасида 73 киши ҳалок бўлди
Покистон шимоли-ғарбида жангарилар Панжоб-Балужистон йўлида тинч аҳолига, шунингдек, полиция бўлимлари, ҳарбий база ва темир йўлга ҳужум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
Балужистон
пойтахтини Покистоннинг қолган қисми билан боғлаган темир йўл кўприги портлатиб
юборилди, натижада 6 киши ҳалок бўлди. Покистонни Эрон билан боғловчи темир йўл
линиялари ҳам шикастланган.
Бунга
жавобан хавфсизлик кучлари аксилтеррор амалиётларини бошлади. Сўнгги
маълумотларга кўра, айирмачилар билан тўқнашув оқибатида энг камида 73 киши
ҳалок бўлган. Уларнинг 38 нафари тинч аҳоли вакиллари, 14 нафари ҳарбий
ва полициячилар, 21 нафари жангарилардир.
"Ушбу ҳужумлардан мақсад Покистонни
беқарорлаштириш", деди мамлакат
ички ишлар вазири Моҳсин Нақви.
Ҳужумлар учун масъулиятни “Белужистон озодлик армияси” бўлгинчи террор ташкилоти
ўз зиммасига олди.
Эрон билан чегарадош Балужистон вилояти табиий бойликларнинг
кўплигига қарамай, Покистондаги энг қашшоқ ҳудуд ҳисобланади. Хитой Балужистонда олтин ва мис қазиб олади.
Эроннинг Систан ва Балужистон вилоятида ҳам балужлар орасида айирмачилик
кайфияти кучли ва тез-тез терактлар содир бўлади.