27.11.2024 07:28
Покистонда собиқ бош вазир тарафдорлари билан тўқнашувда тўрт полициячи ҳалок бўлди
Покистонда хавфсизлик кучлари билан собиқ бош вазир Имрон Хоннинг Исломободдаги тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бошланди. Натижада, сўнгги маълумотларга кўра, 4 нафар полициячи ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда АFP.
Минглаб намойишчилар полиция тўсиғини ёриб ўтиб, пойтахт марказига тўпланишди. Ўн мингга яқин оломон ҳозир марказда, мухолифат эгаллаб олишни режалаштираётган ҳукумат биноларидан уч километр узоқликда.
Покистон ички ишлар вазири Моҳсен Нақвига кўра, ҳукумат ҳудудига олиб борадиган йўллардан бирида намойишчилар томонидан тўрт нафар полициячи ўлдирилган. Тўқнашувда ҳуқуқ-тартибот идораларининг тўққиз ходими оғир яраланган ва ҳозирда уларнинг аҳволи оғир. Бош вазир Шаҳбаз Шариф уларни машина босиб кетганини айтди. Нақви агар намойишчилардан бирортаси ҳукумат биноси ёнидаги майдонга кирса, дарҳол ҳибсга олинишидан огоҳлантирди.
“Бу бузғунчи унсурлар инқилобни эмас, қон тўкилишини хоҳлайди. Бу тинч намойишлар эмас, бу экстремизм”, - деди Шариф.
Шанба оқшомидан бошлаб Исломободга барча киришлар ёпилган, интернет ва мобил алоқа ўчирилган, мактаб ва университетлар фаолиятиниитўхтатган. Икки ой олдин мамлакатда 4 кишидан ортиқ йиғилиш тақиқланган эди. 20 мингдан ортиқ полициячи кўчаларда тартибни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Ҳукумат мухолифатни душанба куни Покистонга уч кунлик ташриф билан келган Беларус президенти Александр Лукашенконинг ташрифини бузишга уринишда айблади.
"Ҳукуматимиздан қаттиқ ҳафсаламиз пир бўлди, у қандай ҳаракат қилишни билмайди, – дейди 56 ёшли намойишчи Калат Хон. – Улар бизга шафқатсиз муносабатда бўлишади".
Намойишчилар ҳокимиятдан ағдарилган бош вазир Имрон Хоннинг озод этилишини талаб қилмоқда. Улар амалдаги давлат раҳбари Шаҳбаз Шарифни сайлов натижаларини сохталаштирганликда ва рақиби Имрон Хонга қарши кўплаб жиноий ишларни тўқиб чиқарганликда айбламоқда.