29.01.2024 15:41

Покистон ва Эрон ўзаро муносабатларни илиқлаштириш йўлида

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн душанба куни Исломободда Покистон ТИВ раҳбари Жалил Аббос Жилоний билан учрашди.

Томонлар “терроризмга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш”га келишиб олинганини маълум қилиб, “бир‑бирларининг хавотирларини йўқ қилиш ва бартараф этиш” зарурлигини таъкидлади.

Покистон ТИВ раҳбари ҳамкорликнинг асосий қадами бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш эканлигини қайд этиб ўтди.

Ўз навбатида, Абдуллахийн Эрон-Покистон чегараси ҳудудида фаолият юритаётган радикал гуруҳлар ташқаридан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Эрон ва Покистоннинг чегарадош вилоятлари ва ҳудудларида жойлашган террорчилар учинчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётганига шубҳа йўқ. Бироқ Теҳрон ва Исломободнинг биргаликдаги саъй‑ҳаракатлари шарофати билан биз террорчиларга икки давлатга ҳужум қилишларига йўл қўймаймиз”, — деди у.

Эрон вазирининг қўшимча қилишича, томонлар чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш бўйича кейинги чораларни кўришга келишиб олган.

Вазирлар, шунингдек, ташқи ишлар вазирлари даражасида ҳамкорликнинг турли соҳаларидаги тараққиётни назорат қилувчи механизм яратишга келишиб олдилар. Унга кўра, Эрон ва Покистонда мунтазам равишда учрашувлар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Эрон Покистондаги радикал гуруҳларга қарши зарбалар берганидан сўнг икки давлат муносабатлари ёмонлашган, икки кундан кейин эса Покистон ҳарбийлари Эрондаги экстремистлар позицияларига ўт очганини маълум қилганди. Натижада икки давлат элчилари чақириб олинди, бироқ улар кейинроқ кескинлик пасайгач, улар ўз иш жойларига қайтишган.

Айни пайтда, ўтган шанба куни Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятида номаълум кимсалар 9 нафар покистонлик ишчини отиб ўлдирган, яна уч нафарини яраланганди. Покистон тергов ўтказиш ва айбдорлар тезда жазоланишини талаб қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.