Покистон ва Эрон ярашишга келишиб олди
Покистон ва Эрон бир-бирларининг ҳудудларидаги “террористлар объектлари”ни нишон сифатида кўрсатиб, ҳаво ҳужумларини амалга оширганидан сўнг ярашиб олишга қарор қилди. Ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот қилиб, вазиятни юмшатиш бўйича келишиб олишди.
Бу ҳақда
Покистон ташқи ишлар вазирлиги икки давлат вазирлари Жалил Аббос Жилоний ва
Ҳусайн Амир Абдуллахон ўртасидаги телефон мулоқоти якунлари бўйича маълум
қилди.
Суҳбат
чоғида вазирлар кескинликни юмшатиш бўйича келишиб олди ҳамда терроризмга қарши
кураш ва “ўзаро манфаатли бошқа жиҳатлар” бўйича ҳамкорликни кучайтириш
зарурлигини таъкидлашди. Улар, шунингдек, илгари чақириб олинган элчиларни
қайтариш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.
Эслатиб
ўтамиз, дастлаб 16 январь куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси
Покистонга ҳаво ҳужуми уюштирди; Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятидаги айирмачиларни
қўллаб-қувватловчи “Жайш ал-Адл” (“Адолат армияси”) ҳаракати объектларига зарба
берилгани маълум қилинди.
Исломобод
Теҳроннинг ҳаракатларини қоралаб, зарбалар натижасида икки бола ҳалок бўлгани,
яна уч нафари яраланганини айтди. Шунингдек, мамлакат Эрондаги элчисини
чақириб олди.
Икки кундан кейин Покистон Эрон ҳудудидаги “террорчилар бошпаналари”га
зарба бергани ва “бир нечта жангариларни” йўқ қилганини билдирди. Ҳужумга қарамай, Исломобод Эрон
суверенитетини ҳурмат қилишини айтди. Эрон эса 9 киши, жумладан, уч аёл ва тўрт
боланинг ўлими ҳақида хабар берди, Теҳрон қўшни давлатнинг муваққат ишлар
вакилини Ташқи ишлар вазирлигига чақирди.
БМТ, АҚШ ва
бошқа мамлакатлар томонларни вазминликка чақирди, Хитой эса келишувга
воситачилик қилишни таклиф этди.