Покистон ҳарбийлари Афғонистонда аксилтеррор амалиётларини ўтказди – ТИВ
Покистонлик ҳарбийлар Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларида аксилтеррор амалиётларини ўтказди, дея хабар қилди Покистон ТИВ ўз сайтида.
“Операция
нишони Покистонда тақиқланган “Таҳрики Толибон Покистон” ташкилоти билан бир
қаторда Покистонда юзлаб тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўлимига олиб
келган кўплаб терактлар учун жавобгар бўлган “Ҳофиз Гул Баҳодур” гуруҳи
террорчилари бўлди”, - дейилади ТИВ баёнотида.
Синьхуа
агентлигининг маълум қилишича, сўнгги ҳужум бир неча кун олдин содир бўлган:
Покистон шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Шимолий Вазиристон
тумани Мир Али ҳудудидаги хавфсизлик назорат пунктига ҳужум уюштирилган. Етти
нафар Покистон аскари ҳалок бўлган.
Покистон
Афғонистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига катта аҳамият беради ва афғон
халқига катта ҳурмат билан қарайди, дея таъкидлади ТИВ. Шунинг учун Исломобод
ҳар доим террорчилик таҳдидига қарши курашиш учун мулоқот ва ҳамкорликка
устувор аҳамият қаратган, дейилади Покистон ТИВ баёнотида.
“Шу сабабли Покистон терроризмга қарши курашда биргаликда ечим топиш ва ҳар қандай террор ташкилотининг Афғонистон билан икки томонлама муносабатларига путур етказишига йўл қўймаслик устида ишлашни давом эттиради”, - дея маълум қилди вазирлик.
ТАССнинг
хабар беришича, 18 мартга ўтар кечаси Покистон ҳаво кучлари икки давлат
чегараси яқинида жойлашган Ламан (Пактика вилояти) ва Паса Мелла (Хост вилояти)
аҳоли пунктларига ҳужум қилган.
“Толибон” ҳукумати сўзчиси Забиҳуллоҳ
Мужоҳиднинг билдиришича,
рейдларда камида саккиз киши, жумладан, уч бола ҳалок бўлган.
Ўз навбатида, Афғонистон чегара қўшинлари ҳаво кучларининг
ҳаво ҳужумларига жавобан Покистон ҳарбий базаларини ўққа тутди. Мудофаа
вазирлиги вакили Иноятуллоҳ Харазмий “Толибон” ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларга жавоб беришга тайёрлиги ҳамда ҳар қандай
шароитда ҳам Афғонистоннинг “ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишини таъкидлади.