PKK террор ташкилоти ваъдасини бузди: Сурияда хавфсизлик кучлари ва жангарилар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда
PKK (Курдистон ишчилар партияси) террор ташкилоти Сурияда янги провокация уюштирди. Ташкилот жангарилари Ҳалабда тинч аҳоли ва Сурия армиясини нишонга олган.
Шайх Мақсуд маҳалласида Сурия хавфсизлик кучларига оғир қуроллар билан ҳужум қилган террористлар, Сурян маҳалласидаги Раҳмон масжиди атрофини миномёт билан ўққа тутган. Ҳужумлар давом этаётгани айтилмоқда. Тўқнашувларда бир нафар Сурия армияси аскари шаҳид бўлгани, 3 нафари яралангани маълум қилинди. Айни пайтда Рас ал-Айн минтақасидаги қабилалар PKK/YPG террор ташкилотига қарши сафарбарлик эълон қилди.
Сурия матбуоти террор ташкилоти икки маҳаллани бомбалагани ҳақида хабар берди.
Сурия Мудофаа вазирлиги армиянинг шимолий ва шимоли-шарқий фронт чизиғи бўйлаб қайта жойлаштирилганини маълум қилиб, ўзининг 10 мартдаги келишувга содиқлигини ҳам маълум қилди.
Сурия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нуриддин ал-Баба PKK/YPG террор ташкилоти ҳужумлари ҳақида гапирар экан, жангарилар 10 мартдаги келишувга амал қилмаётганини ва Сурияда кескинликни юзага келтириш учун қўлидан келган барча ишни амалга ошираётганини айтиб ўтган.
Бабанинг таъкидлашича, жангариларнинг Ашрафия ва Шайх Мақсуд маҳаллаларига кириб боришида хавфсизлик ходимларининг хиёнати ҳам сабаб бўлган.
Баба, шунингдек, Сурия армияси ва ички хавфсизлик кучлари икки маҳаллага кираверишда қайта жойлаштирилгани ва тинч аҳолини ҳимоя қилаётганини қўшимча қилган.