11.05.2024 07:52
Петербургда жумага кетаётган мусулмонлар дарёга қулаган автобус йўловчиларини қутқарди
Кеча, 10 май куни Санк-Петербург шаҳрида Aвтобус бошқарувни йўқотиб, кўприкдан Мойка дарёсига қулаган. Ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлган, 8 нафар йўловчига қутқарувчилар томонидан ёрдам берилган, 10 нафарга яқин киши ўз-ўзидан чиқиб кетишга муваффақ бўлган, олти киши касалхонага ётқизилган.
Маълум бўлишича, чўкиб кетган транспорт воситасининг ҳайдовчиси 44 ёшли Тожикистонлик Раҳмат Қурбонов бўлган. Ҳозир у ҳибсга олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 6 нафар кўнгилли камида 2 нафар автобус йўловчисини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. 7 дақиқа ичида профессионал қутқарувчилар фавқулодда ҳодиса жойига етиб боришди ва кейинги зарур ёрдамни кўрсатишди.
Давлат Думаси депутати Султон Хамзаевга кўра, қутқарувчиларнинг уч нафари доғистонлик Идрис Гаджиев, Шахбан Жабраилов ва Муҳаммад Ҳасановлар бўлган. Улар жума намозига кетаётган пайтда чўкиб кетган автобусдаги одамларга биринчилардан бўлиб ёрдамга келган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошлиғи Куренков одамларни қутқаришга ёрдам берганларни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг "Сувда ҳалок бўлганларни қутқаргани учун" медали билан тақдирлашни таклиф қилди.
Aввалроқ Петербурглик боғбон Олимжон Иброҳимов ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёнаётган хонадондан бир неча аёлни қутқариб қолгани ҳақида хабар берилган эди.