06.02.2025 15:08
Пентагон АҚШ қўшинларини Суриядан олиб кетмоқчи
АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) америкалик қўшинларни Суриядан тўлиқ олиб чиқиб кетиш бўйича режаларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Пентагоннинг икки расмийси NBC News телеканалига маълум қилди.
Манбаларнинг маълум қилишича, АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг яқинлари сўнгги пайтларда қўшинларни Суриядан олиб чиқишга қизиқиш билдирган. Шу муносабат билан Пентагон 30, 60 ёки 90 кун ичида қўшинларни тўлиқ олиб чиқиш режаларини ишлаб чиқишни бошлаган.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича янги маслаҳатчиси Майк Уолз ўтган ҳафта Флоридадаги Марказий қўмондонлик қароргоҳида АҚШ ҳарбий етакчилари билан учрашиб, Яқин Шарқдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот олган.
Трампнинг Овал кабинетдаги чиқиши чоғида журналистлар ундан Суриядан қўшинларни олиб чиқиш ҳақидаги хабарларга изоҳ беришни сўраганида, президент:
"Биз Сурияга аралашмаймиз. Суриянинг ўзига хос муаммолари бор. У ерда чалкашликлар етарлича", – деб жавоб берган.
Пентагоннинг сўнгги маълумотларига кўра, 2024 йил декабрида Сурияда 2000 га яқин америкалик аскар бор. Бу аввал расмий ҳисобланган 900 аскардан икки баравар кўп.
Суриядан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарор Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий стратегиясига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумот учун, 2019 йилда Трамп ўша пайтдаги мудофаа вазири Жеймс Меттисга Америка қўшинларини Суриядан олиб чиқишни буюрган, аммо бу қарорга қарши чиққан Меттис истеъфога чиққан. Шунга қарамай, Трамп маъмурияти қўшинларни қисман олиб чиқиб, кейин яна қайтариб келган.