06.09.2024 09:19

Павел Дуров Францияда ҳибсга олинганидан кейин биринчи бор вазиятга изоҳ берди

Павел Дуров ўзининг Telegram-каналида Францияда қўлга олинганидан сўнг илк бор баёнот билан чиқди.

У француз полицияси ўтган ойда Парижга борганида қўлга олинганидан сўнг тўрт кун давомида сўроқ қилганини билдирди. Telegram мессенжери асосчиси компаниясининг Европа Иттифоқида Евроиттифоқ сўровларига жавоб берадиган расмий вакилиги борлигини айтиб, бўлган воқеаларга нисбатан ҳайратини билдирди. 

Бундан ташқари, Франция фуқароси ҳисобланган Дуров Амирликлардаги француз элчихонасига тез-тез ташриф буюриши, бироқ француз ҳукумати бунга қадар унга ушбу масалада ҳеч қандай савол бермаганини таъкидлади.

Дуров, шунингдек, Telegram кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликка тайёрлиги, бироқ ўз принципларидан воз кечмаслигини маълум қилди.

У Россия мессежердан кузатиш имконига эга бўлиш учун "шифрлаш калити"ни сўрагани, бироқ рад жавобини олгани, натижада Telegram вақтинчалик блоклангани; Эрон намойишчилар каналларини блоклашни сўрагани ва натижада Telegram Эронда тақиқланганини мисол қилиб келтирди.

Мессенжер асосчиси Telegram "анархистик жаннат" экани ҳақидаги гап-сўзларни ҳам рад этди.

У ҳар куни миллионлаб зарарли пост ва каналлар ўчирилишини маълум қилди. Бундан ташқари, Telegramʼда шаффофлик тўғрисидаги кунлик ҳисобот мавжудлиги, шунингдек, модерация учун тезкор сўровларни янада тезроқ кўриб чиқиш учун ноҳукумат ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилганини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.