Франция Павел Дуровни ҳибсга олиш муддатини узайтирди
Франция ҳукумати Телеграм асосчиси Павел Дуровни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди, дея хабар бермоқда AFP. Сўроқ учун ҳибсга олишнинг дастлабки муддати 96 соатгача давом этиши мумкин. Бу муддат охирида судья уни озодликка чиқариши ёки айблов эълон қилиб, қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
AFP манбасининг айтишича, Франция Адлия вазирлиги (OFMIN)
Дуровни фирибгарлик, гиёҳванд моддалар савдоси, кибербуллинг, уюшган
жиноятчилик ва терроризм ташвиқоти каби жиноятлар бўйича дастлабки тергов
доирасида ҳибсга олиш учун ордер берган. Дуров ўз платформасида жиноий
фойдаланишни бостириш чораларини кўрмаганликда айбланмоқда.
Телеграм Дуровнинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқлиги ва у
тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилишини айтди.
“Телеграм Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан Рақамли
хизматлар тўғрисидаги қонунга
риоя қилади ва унинг модерацияси саноат стандартларига мос келади, — дея
қўшимча қилди Телеграм. — Платформа
ёки унинг эгаси платформадаги суиистеъмоллик учун жавобгар эканлигини даъво
қилиш бемаъниликдир".
Эслатиб
ўтамиз, якшанба куни Франция разведка хизматлари Телеграм асосчиси Павел
Дуровни Париж Ле Бурже аэропортида ҳибсга олди. Франциянинг TF1 телеканалига
кўра, Дуров ўзининг шахсий Embraer Legacy 600 самолётидан чиқиб келаётганида
ҳибсга олинган, у 20 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Дуров Франция
фуқароси сифатида суд қилинади.