2024 йилнинг феврали рекорд даражадаги энг иссиқ февраль бўлди
2024 йилнинг февраль ойи бутун дунёда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ февраль бўлди, дея хабар беради Copernicus Европа мониторинг хизмати.
“2024 йил феврали бутун дунё бўйлаб рекорд даражадаги энг
иссиқ февраль бўлди”, — дейилади хизмат сайтидаги баёнотда.
Синоптикларнинг маълумотларига кўра, жорий йилнинг февраль
ойида ҳавонинг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича 13,54 даражани ташкил қилди, бу
1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,81 даражага ва аввалроқ энг юқори
деб ҳисобланган 2016 йил февраль ойидаги ўртача ҳароратдан 0,12 даражага юқори.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг феврали об-ҳаво рекорд даражада юқори бўлган кетма-кет
тўққизинчи ойга айланди.
Ўтган ой Европа бўйлаб ўртача ҳарорат одатдагидан 3 даража
юқори бўлди, бу “Марказий ва Шарқий Европадаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори”.
Бундан ташқари, Сибир минтақалари, Шимолий Американинг баъзи қисмлари, Жанубий
Американинг аксарият қисми, Африка ва ғарбий Австралияда ҳам ҳаво илиқроқ бўлди, дея таъкидлади
синоптиклар.
Маълумотлар бутун дунё бўйлаб сунъий йўлдошлар, об-ҳаво
станциялари, кемалар ва самолётлар ёрдамида тўпланган, дея маълум қилди Copernicus.
Аввалроқ Copernicus Европа мониторинг хизмати 2023 йил
тарихидаги энг иссиқ йил бўлгани ва йил давомидаги ўртача глобал ҳарорат саноат
давригача бўлган даражадан Цельсий бўйича 1,48 даражага ошгани ҳақида хабар
берган эди. Кейинроқ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти 2023 йил тарихдаги энг
иссиқ йил эканлигини тасдиқлади. Қайд этилишича, глобал ҳарорат июндан
декабргача ҳар ойда янги ойлик рекордларни ўрнатган, июль ва август ойлари
рекорд даражадаги энг иссиқ ойларга айланган.