14.02.2025 11:55

Молдова Кишинёвдаги "Россия уйи"ни ёпди

Молдова ҳукумати Россия томонидан молиялаштирилган Кишинёвдаги маданий марказ — "Россия уйи"ни ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълумот берди.

Қарор Россиянинг учувчисиз учоқлари Молдова ҳудудига қулагани ортидан қабул қилинган. Президент Майя Санду Москва ҳаракатларини қоралаб, бу ҳолат Молдова фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирди.

Россия элчиси Олег Озеров вазирликка чақиртирилиб, расмий тушунтириш талаб қилинди. У эса учувчисиз учоқлар Россияга тегишли эканлигига ишончи комил эмаслигини айтди.

Молдова билан бирга Руминия ҳам Россиянинг Украина портларига уюштирган ҳужумларини кескин қоралади. НАТО аъзоси бўлган Руминия мудофаа вазирлиги ҳаво ҳудудига кириб чиққан номаълум дронларни қайд этганини маълум қилди.

Бу Молдова ҳукумати томонидан Россия таъсирига қарши қўйилган навбатдаги қадам бўлди. Аввалроқ Озарбайжон ҳам "Рус уйи"ни ёпишга қарор қилган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.