28.05.2024 10:34
Миср ва Исроил чегарасида тўқнашув: икки томондан ҳам қурбонлар бор
Миср ва Ғазо сектори чегарасида жойлашган Рафаҳ назорат пунктида Исроил ва Миср ҳарбийлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келди. Отишмада хавфсизлик ходимларидан бири ҳалок бўлган.
Миср армияси воизи Ғариб Абдулҳафиз Х ижтимоий тармоғида эрталаб Рафаҳ чегара пункти яқинида юз берган тўқнашув ҳақида баёнот берди.
Абдулҳафиз ҳужумда Рафаҳ чегарасидаги ҳудудни қўриқлашдан масъул бир хавфсизлик ходимининг ҳалок бўлганини айтди.
Воқеа юзасидан Миср қуролли кучлари суриштирув олиб бораётганини маълум қилди.
Исроил армияси ёзма баёнотида, Рафаҳ чегара назорат нуқтасида Миср ва Исроил аскарлари ўртасида тўқнашув бўлганини тасдиқлади.
6 май куни эълон қилинган хабарда Исроил армияси Рафаҳнинг шарқидаги кўчирилган фаластинликлар бошпана топган баъзи маҳаллаларнинг эвакуация қилиниши ҳақида огоҳлантирган.
Шундан сўнг, 7 май куни Исроил армияси Ғазонинг Рафаҳ ҳудудига қуруқликдан ҳужум бошлагани ва Ғазо томонидаги Миср билан чегара пункти эгаллаб олингани ҳақида эълон қилган.
Исроил матбуоти хабарига кўра, можаро чоғида бир Исроил армияси аскари ҳам ҳалок бўлган.