22.11.2024 09:54

Миср Қизил денгиздаги кескинликлар туфайли Сувайш канали даромадининг 70 фоизини йўқотди

Минтақадаги геосиёсий инқироз шароитида Миср учун муҳим даромад манбаи бўлган Сувайш каналидан олинаётган фойда кескин камайди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Миср Қизил денгиздаги вазият ёмонлашгани сабабли асосий сув йўлидан тушган даромаднинг 70 фоизини йўқотганини маълум қилди. 

ХВЖ делегацияси 6-20 ноябрь кунлари Мисрга ташриф буюриб, 8 миллиард долларлик кредит билан амалга оширилувчи иқтисодий ислоҳот дастурини тўртинчи бор кўриб чиқди. 

Жамғарма маълумотларига кўра, давом этаётган геосиёсий зиддиятлар фонида минтақа, жумладан, Мисрнинг иқтисодий истиқболи мураккаблигича қолмоқда. Баёнотда Ғазо ва Исроилдаги тўқнашувлар, Қизил денгиздаги савдодаги узилишлар Миср иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб, Сувайш каналидан тушадиган даромадларнинг камайишига олиб келгани қайд этилди. 

Мамлакатнинг энг муҳим валюта манбаи бўлган каналнинг даромади 70% га қисқарган, бу эса сезиларли иқтисодий таъсир кўрсатмоқда. 

2023 йил октябрь ойидан бери Исроил ишғоли остида бўлган Ғазони қўллаб-қувватлаётган Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги Исроил ёки Исроил билан боғлиқ кемаларга ракеталар ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилмоқда. Бу кўплаб кемаларни Сувайш канали йўналишидан қочишга, қўшимча харажатларга қарамай, Яхши Умид бурни орқали айланма йўлни танлашга мажбур қилмоқда. 

ХВЖ шунингдек, қочқинлар сонининг кўпайиши давлат хизматларига, айниқса соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига қўшимча молиявий босим туғдиришини таъкидлади. Шу муносабат билан, Миср маҳаллий даромадларни ошириш, молиявий хатарларни, айниқса энергетика соҳасида бошқариш ва ижтимоий хавфсизлик тармоғини кенгайтириш учун қўшимча ҳаракатлар қилиш кераклигига қарор қилинди. 

Вазият бу йил 35% дан ошиб кетган инфляция туфайли янада оғирлашмоқда. Иқтисодий инқирозга жавобан Миср ўтган март ойида ХВЖ билан глобал иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш учун 8 миллиард долларлик шартнома имзолади, бу ҳам мамлакатда товар ва хизматлар нархининг ошишига ҳисса қўшди. Битим иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, мослашувчан валюта курсига ўтиш, хусусий секторни мустаҳкамлаш ва инфратузилма лойиҳаларига харажатларни қисқартириш бўйича мажбуриятларни ўз ичига олади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.