Мингга яқин тожикистонликлар Россия-Қозоғистон чегараси ўртасида қолиб кетди
Қозоғистондан Россияга кирмоқчи бўлган юзлаб тожикистонликлар Қозоғистоннинг Жанубий Урал ва Россиянинг Оренбург вилоятлари чегарасидаги «Саргарчин» назорат-ўтказиш пунктида бир неча кундан бери қолиб кетганидан шикоят қилмоқда, дея хабар берди “Азия-Плюс” нашри.
Россия
чегарачилари, уларнинг айтишича, "тизимда носозлик рўй берди" дейишмоқда,
бироқ болалар, қариялар ва бошқа давлат фуқароларининг киришига рухсат беришмоқда.
Айни
пайтда, рус чегарачилари тожикистонликлардан бетараф ҳудудни тарк этиб, Қозоғистонга
қайтишни сўрамоқда. Қозоғистон чегарачилари эса тожикистонликлар Россияга
киритилмаганига асос бўлувчи ҳужжат – актни талаб қилмоқда.
"Фақат
тожикистонликларни киритишмаяпти"
Тожикистонлик
муҳожирлар йўллаётган видеомурожаатларда 22 апрелдан буён Қозоғистон-Россия
чегарасида 180 га яқин тожик рақамлари бўлган автомобиллар, одамлар, жумладан, кўплаб
аёллар ва болалар қолиб кетгани айтилади.
"1000 га яқин тожикистонликларни Россияга киритмаяпти.
Қозоғистон ва Россия ўртасида қолиб кетдик. Бошқа фуқаролар киритиляпти, фақат
тожикистонликлар киритилмаяпти.
180 га яқин машина, аксарияти Тожикистон рақамлари. Ҳар бир машинада 5 дан
10-12 нафаргача йўловчилар бор, аксарияти аёллар ва
болалар”, — деди муҳожирлардан бири.
Телефонларини
текшириб, сўроқ қилишмоқда
Муҳожирларнинг айтишича, Россия ҳукумати Тожикистоннинг ҳар бир фуқаросини алоҳида сўроқ қилиб, телефонларини текширмоқда.
“Биз чегарачилардан нега ўтишга рухсат бермаяпсизлар, деб сўрадик, улар тизим ишламаяпти, деб жавоб беришди. Фақат тожикистонликларга ишламаяптими, деб сўрасак, бу сизларнинг ишингиз эмас, баринглар ва кутинглар, дейишди”, - дея маълум қилди ўртада қолиб кетган тожикистонлик муҳожирлардан бири.
Шунингдек,
унинг қайд этишича, назорат-ўтказиш пункти ходимлари 14 ёшгача бўлган болалар
ва 60 ёшдан ошганларни Россияга навбатсиз ўтказмоқда, қолганлар эса туриб
кутишга мажбур бўлмоқда.
Маълумотларга
кўра, 24 соат ичида ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг Россияга атиги 10-12, икки
кун ичида эса 20 та машина киритилган.
Тожик
муҳожири: “Бу ер чанг, сув ва нон йўқ, одамлар уч қатор машиналарда ўтиришибди”.
Яна бир
фуқаро хайриячилар ўртада қолиб кетган одамларга озиқ-овқат ва сув олиб
келишаётгани акс этган видео юборди.
Ҳужжатларини
янгилаш учун Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган тожикистонлик муҳожирлардан бири
ҳам Россияга киритилмагани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра,
назорат-ўтказиш пунктида унга: “Ичкаридан (Россия ичкарисини назарда тутади – таҳр.)
буйруқ бўлмагунча, Тожикистон фуқароларини киритмаймиз”, дейишган.
“Крокус”
фожиасининг оқибатлари
Россия Тожикистон фуқароларининг Оренбург чегараси орқали
киришига чекловлар билан боғлиқ вазиятнинг сабабини ҳозирча тушунтирмади. Тожикистон ҳукумати ҳам ҳозирча
бу масалада изоҳ бергани йўқ.
Бироқ, айрим тожик муҳожирларининг фикрича, бу ҳаракатларга “Крокус Сити Холл”даги қўпорувчилик сабаб бўлган. Ўшанда 11 нафар Тожикистон
фуқароси гумондор сифатида ушланган ва ҳибсга олинган эди.
Россия тожик
муҳожирлари меҳнат қилиш учун борадиган асосий давлатлардан бири. Бироқ “Крокус”
фожиасидан сўнг айниқса тожикистонлик муҳожирлар устидан назорат ва босим
кучайган.