06.11.2024 07:25

Малайзия Исроилни БМТдан чиқариб юбориш тўғрисидаги резолюцияси устида ишламоқда

Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг маълум қилишича, унинг мамлакати БМТ Бош Ассамблеяси учун Исроилни ташкилот аъзолигидан маҳрум этиш кўзда тутилган резолюция лойиҳасини тайёрламоқда. Резолюцияда “Агар Фаластин билан боғлиқ масалаларда қонунлар, қоидалар ва қарорлар бузилган бўлса” Исроилни жаҳон ташкилотидан чиқариб юбориш таклиф этилади.

Душанба куни Анвар Иброҳим парламентдаги чиқишида резолюция лойиҳаси ҳозирда муҳокама қилинаётгани ва тез орада БМТ Бош Ассамблеясига тасдиқлаш учун тақдим этилиши кутилаётганини айтди.

“Биз Исроил халқаро қонунларни бузса, уни БМТдан чиқариб юбориш имкониятини ўрганяпмиз”, деди Малайзия бош вазири.

Анвар Иброҳимга кўра, инсон ҳуқуқларини бузаётгани учун Исроилнинг БМТдан чиқариб юборилишини ўз ичига олган ҳал қилувчи чоралар имкон қадар тезроқ кўрилиши керак.

“Малайзия кун тартиби тингланиши ва тегишли эътиборга олинишини таъминлайди. Бу Исроил режимининг ваҳшийликларини тўхтатиб, Фаластин халқига ҳаётий ёрдам етказилишига хизмат қилади”, — дея қўшимча қилди у.

Ушбу қарор халқаро миқёсда Исроилнинг ўз назорати остидаги ҳудудларда БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик Қочқинларга ёрдам ва Ишлар Агентлиги (ЮНРВА) фаолиятини тақиқлаш қарорини қоралаш кучайиб бораётган бир пайтда амалга эълон қилинди.

У, шунингдек, резолюция ЮНРВА учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини, у Ғазо, Ғарбий Соҳил, Иордания, Ливан ва Сурияда яшаётган 6 миллионга яқин фаластинлик қочқинларга муҳим хизматлар кўрсатишда давом этишини таъкидлади.

“Малайзия Ғазога 100 миллион РМ (23,3 миллион АҚШ доллари) дан ортиқ нақд пул миқдорида инсонпарварлик ёрдамини ҳам етказади”, — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.