Макрон Франция сайловларига аралашгани учун Исроилдан ғазабланди
Франция президенти Эммануэл Макрон Исроил диаспора ишлари вазири Амихая Шиклининг мамлакатдаги парламент сайловларига тўғридан-тўғри аралашув сифатида баҳоланган баёнотларидан ғазабланди, дея хабар қилди Axios.
Макрон
телефон орқали мулоқот чоғида Исроил бош вазири Беньямин Нетаняхуга ўз
норозилигини билдирган.
Аввалроқ
Шикли Франциядаги парламент сайловларида Жордан Барделл ва Марин Ле Пеннинг “Миллий
бирлашув” партиясини қўллаб-қувватлаган. Исроил вазири Францияда ўта ўнглар
ғалабаси Исроил учун энг афзал эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, Шикли бош
вазир Нетаняхунинг бу масалада у билан ҳамфикр эканлигини ҳам айтиб ўтган.
Нашр исроиллик
вазирнинг Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ўнг партиялар билан яқин алоқаларига
эътибор қаратади. Шиклининг май ойида ўта ўнгчилар анжуманида қатнашгани, унда
Ле Пен билан суратга тушгани шундан далолат беради.
Франция
парламентига навбатдан ташқари сайловларда Ле Пеннинг “Миллий бирлашув”
партияси мамлакат Миллий ассамблеясидаги 577 ўриндан 143 тасини қўлга киритиб, учинчи
ўринни эгаллади. "Янги халқ фронти" чап қанот коалицияси энг
кўп ўринни (182) олди. Иккинчи ўринни эса 168 мандат
билан президент Эммануэл Макроннинг «Биргаликда» коалицияси қўлга киритди.