Лондондаги масжид террор ҳужуми таҳдиди ортидан эвакуация қилинди
Шарқий Лондондаги масжидга террор ҳужуми таҳдиди келиб тушганидан кейин 700 дан ортиқ одам эвакуация қилинди. Уайтчапелда жойлашган мамлакатдаги энг йирик масжидлардан бирига бомба қўйилгани ҳақида аноним электрон хат келиб тушган.
Масжид
раҳбарияти зудлик билан полицияга мурожаат қилган, юзлаб одамлар, жумладан,
яқин атрофдаги учта мактаб ўқувчилари эвакуация қилинган. Воқеа жойига
тезда етиб келган полиция бинони текширди. Таҳдид тасдиқланмади, аммо нафрат
билан боғлиқ эҳтимолий жиноят бўйича тергов олиб борилмоқда.
Тезкор тадбирлар натижасида масжиднинг 37 йиллик тарихида
биринчи марта шом азони айтилмади, деб ёзади Yahoo!News.
Масжид таҳдид ортидан хавфсизликни икки баравар оширди ва
ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеага жиддий ёндашаётганига ишонтириш орқали
жамиятни тинчлантиришга шошилди.
Лондон масжиди таҳдид қилинганидан бир соат ўтиб, Илфорддаги
исломий бошланғич мактабга исломофобик хат келди. Мактубда Ғазодаги воқеаларга
ҳаволалар ва Исроилни қўллаб-қувватловчи баёнотлар ўрин олган.